Даниэл Карвахал «Ман Сити» билан баҳсни фаолиятидаги энг ўзига хос ўйин деб атади.
2022 йилда «Реал» Чемпионлар Лигаси яримфиналида «шаҳарликлар»га 90 ва 91-дақиқаларда голлар уриб, умумий ҳисобни 5:5га етказган. Сўнг қўшимча бўлимларда яна бир тўп киритиб, финалга йўлланма олганди.
«Энг унутилмас оқшом «Сити»га қарши ўйин эди. Мен ҳеч қачон бунақасини бошдан кечирмаганман.
Қўшиб берилган 6 дақиқада ҳисобни тенглаштирдик ва ўзига хос атмосфера яратдик. Бир-биримизга қараб, ўзимизни Колизейдаги гладиаторлар каби ҳис қилдик», — дея «Реал» ҳимоячисининг сўзларини келтиради клуб расмий сайти.
Эслатиб ўтамиз, 33 ёшли ўнг қанот ҳимоячи бу мавсумни хочсимон пайлар жароҳати сабаб ўтказиб юбормоқда. Мадрид клуби эса Данига рақобат яратиш учун «Ливерпул» ҳимоячиси Трент Александер-Арнолдни ўз сафига қўшиб олишга яқин турибди.