ЎФА матбуот хизмати раҳбари Даврон Файзиев «Спорт» телеканалидаги чиқишида Ўзбекистон миллий жамоасининг Эрондаги дуранги ҳақида фикрини билдириб, Теҳрондаги ўйин олди эътиборли воқеалар ҳақида гапирди.
«Теҳрондаги учрашувда ютсак ҳам бўларди, аммо тан олиб айтиш керак, Эрон ҳам яхши ўйнади. Ўйиндан олдин рақиб жамоада мураббий ва футболчилар ўртасида зиддият борлиги ҳақида хабарлар чиқди. Тўғри, ўйин олдидан Эрон миллий жамоаси мухлислари томонидан танқид қилинган, матбуот анжуманида бош мураббий Амир Ғаленойи ҳам «мени танқид қилинглар, аммо футболчиларга тегманглар», деган гапларни айтди.
Лекин бу ерда озроқ ўйин ташқарисидаги «тактик ўйинлар» ҳам бўлди. Масалан, мураббий Меҳди Торемийни ўйнаш ёки ўйнамаслиги масаласини охиригача сир сақлади. Матбуот анжуманида эътибор берсам, жамоанинг асосий юлдузи, Озмундан ҳам каттароқ юлдуз бўлган Торемий ҳақида ҳеч ким сўрамаяпти. «Интер»дек клуб ҳужумчиси, Эроннинг асосий юлдузи Торемий ҳақида гапирилмаяпти, ўйнайдими ёки йўқ», деб савол қўйдим. Дастлаб матбуот котиби мени чалғитишга уринди ва «Ҳозир Торемий йўқ, бу ерда бошқа футболчи ўтирибди» деб, Жаҳонбахшни кўрсатди. Саволим мураббийга Торемий ҳақида деганимдан кейин мураббий «Бўлди, жавоб бераман, муаммо йўқ», деди. Ғаленойи «Ҳа, Меҳдининг соғлиғида озгина муаммо бор эди, шунга сўнгги ўйинда майдонга тушмади. Бу сафар таваккал қиламизми ёки йўқ – эртага ҳал қиламиз», деб жавоб қайтарди. Шунда ҳам аниқ жавоб бермади. Эртасига эса ўша Торемий майдонга тушиб, бизга иккита гол уриб кетяпти.
Ўзи ўйин олдидан жамоа ичида асосий муаммо – Торемий ва мураббий ўртасидаги келишмовчилик айтилганди. Аммо қанақасига келишолмаяпти? Ахир, унинг ўзи майдонга тушиб, иккита гол уриб, жамоасини ЖЧ-2026га олиб чиқаяпти-да, бош мураббий билан нишонлаяпти. Яъни, шу тариқа чалғитишга уриниш бўлган менимча, бу борада Эрондан ҳушёр бўлишимиз керак эди.
Умуман олганда эса бизга нисбатан эронлик футболчилар, мухлисларнинг муносабати яхши томонга ўзгарганини сездим. Жудаям яхши муносабатда бўлишди. Штабдаги аввалдан ишлаб келган тажрибали ходимлар айтишди, эски даврларда стадионда мухлисларнинг бизга нисбатан агрессияси, босими кучли бўлган, футболчилар буни ҳис қилиб турган. Бу сафар эса стадиондаги мухлислар бизни олқишлашди. Жалолиддин Машарипов ва Остон Ўрунов билан юрган жойида суратга тушишди. Меҳмонхонада кирганимизда ҳам, стадионда ҳам, ҳатто биз билан юрган маҳаллий полициячилар ҳам «Ўзбекистон футболи зўр, жамоаларингга гап йўқ, омад тилаймиз» дейишди.
Ўйиндан кейин мушак отилаётганда, байрам қилишаётганда ҳам йўлакчадан ўтаётганимизда эронлик мухлислар миллий жамоамизни қарсаклар билан кузатиб қўйишди. Шунча рақобатга қарамай, улар Ўзбекистон миллий жамоасини жуда ҳурмат қилишди, меҳр билан муносабатда бўлишди. Шахсан мен бундан катта таассурот олдим. Айниқса, ҳар бир футболчимизни, юлдузларимизни танишяпти, дастхат олиб, суратга тушишди. Жамоамиз кучлилиги, улар билан рақобатга киришганини нафақат ўзимизни мухлислар, балки эронликлар ҳам тан олаётганини сездик», - дейди ЎФА матбуот хизмати раҳбари Даврон Файзиев «Спорт» телеканалидаги чиқишида.
Маълумот учун, Эрон – Ўзбекистон (2:2) ўйинидан кейин форслар ЖЧ-2026 йўлланмасини қўлга киритишди. Ўзбекистон кейинги ўйинда БАА билан дуранг қайд этса ҳам, илк бор мундиалга чиқади.