29.03.2025 04:00
19461
Теглар
«Қанақасига билмаслиги мумкин?!» – Кападзе Машарипов ва Шомуродовнинг четлатишдан бехабар бўлганига муносабат билдирди

Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Темур Кападзе Kun подкастида иштирок этиб, Жалолиддин Машариповнинг Қирғизистонга қарши ўйинда рақиб жамоа ҳимоячиси четлатилганидан бехабар қолгани ҳақидаги фикрларига муносабат билдирди.

Ўзбекистон миллий жамоаси яримҳимоячиси Жалолиддин Машарипов 90minutUz подкастида иштирок этиб, Қирғизистон билан ўйиннинг 24-дақиқасида рақиб ҳимоячиси Саид Дациевга кўрсатилган қизил карточкани кўрмай қолганини, Элдор Шомуродов ҳам бундан бехабар қолганини маълум қилганди.

«Битта нарсани айтаман, 86-дақиқада алмаштирилганимдан кейин захира ўриндиғида ўтиргандим, Ҳожимат Эркинов «ака, яхшиям улар қизил олди» деб айтиб қолди. Ҳайрон қолиб, дарҳол «ким қизил олди?» дедим. Пеналти бўлган вазиятда билмадим ҳам, кўрмагандим ҳам вазиятни. Ўша пайтда зарба бераётганимда ётиб қолганимда кўрмай қолган эканман. Чунки ерга қараб ётиб қолгандим. Ўйиндан кейин душда турганимизда Элдорга «улар ўйинда қизил олган экан» десам, у ҳам ҳайрон қолиб, «ким қизил олди, қачон қизил олди?!» деди. Элдор ҳам қизил берилганини билмасакан. Биз ўн бирга ўн бир ўйнадик деб ўйлагандик. Элдор ҳам, мен ҳам билмаган эканмиз», дея гапирганди Машарипов подкастда.

Темур Кападзе жамоа етакчиларининг четлатишдан бехабар қолгани ҳақидаги гап-сўзлардан Эрон билан учрашувдан кейин хабар топгани ва бошида Машарипов ҳазил аралаш гапирди, деб ўйлаганини маълум қилди.

«Жалолиддиннинг интервьюсини қисқароқ видеоларини кўрдим, ўзи унинг гаплари ростдан айтилганми ёки ҳазилми, очиғи тушунмагандим. Видеони кеча кечки пайт, Эрондан қайтганимиздан кейин кўрдим. Шунда ҳам тўлиқ эмас. Ҳожиматнинг ёнида ўтирганда, у 10 киши қолганимизни айтибди... Тўғрисини айтсам, у жиддий гапирдими ёки ўша ердагилар олдида ҳазиллашдими – билмайман. Агар у жиддий гапирган бўлса, бу унга минус. Чунки футболчи майдонда ўйнаяпти, қанақасига буни билмаслиги мумкин? Балки ўша пайтда улар пеналтини ким тепиши ҳақида муҳокама қилишгандир. Шунақа бўлса кўрмай қолган бўлиши мумкин, аммо ўшандан кейин ўйинда, стадионда ҳамма билиб ўтирибди сен қанақасига билмай ўтиришинг мумкин?

Танаффусда ҳам умумий тарзда ва индивидуал гаплашганда ҳам айтилди, ҳа, ҳимоячиларга кўпроқ кўрсатма бердим», - деди Кападзе.

«Ўша пайтда йигитлар, биз майдонда бир киши кўпмиз, деган гап оғзингиздан чиқдими?», - дея журналист Бобур Акмалов берган саволга миллий жамоамиз бош мураббийи: «Албатта, футболчиларнинг ҳаммаси билади буни», - дея жавоб қайтарди.

«Билмадим, балки булар 1-2 киши эшитдими-эшитмадими, лекин мен аниқ биламан ҳимоячиларга ҳам уларда битта ҳужумчи қолди, эҳтиёт бўласизлар, улар ҳар қанақасига фақат унга тўпни етказишади, дедим. Шу пайтда унга яқин туриб, босим ўтказасизлар деб айтдим. Шошманглар, тўпни йўқотманглар, яхшироқ вазиятни изланглар дедим. Шошиладиган жойи йўқ эди. Умумий қилиб ҳам гапирдим, аммо ичкарида кимдир четлатишни билмаслиги хаёлимга ҳам келгани йўқ эди, ахир. Ростан ҳам билмаган бўлса, демак шунақаси ҳам бўларкан. Энди бутун стадион, ўйиндагилар ҳамма билса-ю, Жалол билмаган бўлса... Биринчидан, ўзи буни билмаганини ўша ерда гапириб ўтириши ҳам нотўғри бўлса керак, бу ўзига минус.

Ўшандан кейин Аббос билан яна ким биландир гаплашдик, гап келганда «менга қара, сен ҳам билмай қолгандингми», деб сўрадим. Аббос эса «Йўғе ака, қанақасига билмайсиз? Билардик, ўйнадикку, қизил берганини кўрдикку», деяпти.

Умуман олганда бу интервьюни ўша подкастдаги ҳазил-ҳузул сифатида қабул қилдим», - деди Темур Кападзе Kun подкастида.

Эслатиб ўтамиз, Жалолиддин Машарипов Қирғизистон билан ўйинда (1:0) сариқ карточка олиб, Эронга қарши ўйинни ўтказиб юборганди. 

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар