27.03.2025 13:13
16756
Теглар
«Дарс». Яна Абдуқодир Ҳусанов ҳақида

Эрондаги ўйиндан кейин Абдуқодир Ҳусанов ҳақида тан оламан, ўзим ҳам ёздим – телеграм каналимда унинг паст баҳо олгани ҳақида ҳазил пост ва «Х» (эски «Твиттер») ижтимоий тармоғида ўйин олдидан яхши дам олмаган бўлиши мумкинлиги ҳақида кичик ёзув.

Умуман олганда эса сўнгги атиги бир ярим кундаги воқеалар, фикрлар, подкастлар, ҳатто футболга алоқаси бўлмаган сайт ва кишиларнинг Ҳусанов ёмон ўйнагани ҳақидаги фикрлари ҳаддан ташқари кўп. Ҳа, ҳаммаям менга ўхшаб бир жумладан ёзсаям, ҳаммаси йиғилиб, мана шу ноадекват даражада муболағага айланиши табиий.

Яна бир сабаб, инсоннинг бирор фикр ва тахминлари кейинчалик факт билан тасдиқланса, у янада фаоллашади. Бир пайтлар «Манчестер Юнайтед» Лисандро Мартинесни «Аякс»дан сотиб олганда Жейми Каррагер футболчининг бўйи пастлиги, бу Англияда муаммо бўлиши мумкинлигини айтган. Мартинес илк ўйинларда муваффақиятсиз ўйнаб, айнан юқори қаватдаги курашларда бой бериши туфайли жамоа голлар ўтказгач, Каррагер янада фаоллашган. Бу табиий. Шу пайтгача қайси футболчига қандай баҳо берилганини эътибор бермаган, кўпинча жиддий олмаганлар ҳам энди буни асосий ўлчов сифатида кўришди, қайсидир маънода Ҳусановнинг кутилган ўйин кўрсата олмагани ҳақидаги таассуротни факт сифатида асослантириб қўйгандек эди ўша баҳо.

Ҳатто бошида ваҳима қилмаслик кераклигини ёзиб, Ҳусанов «жамоасини» ҳимоя қилганларнинг ҳам фикри ўзгарди. Айни дамда Ҳусанов Ўзбекистонда футболдан каттароқ шахслигини, яъни футболдан узоқ бўлганлар ҳам таний бошлаганини инобатга олсак, картина янада ўзгаради. Футболдан узоқ бўлган оммавий шахслар ҳам «демак, футболчи тадбирда қатнашса ёки совға олса, дарҳол бузилиб қолар экан» деган тезкор хулоса билан тинмай ёзиб ётишибди.

Аммо барибир ажратиш керак. Аслида Ҳусанов мана шу таассурот даражасида ёмон ўйнамади – ҳа, қаердадир улгурмади, қаердадир ўтказиб юборди, тўғри, аммо муваффақиятли ҳаракатлари ҳам бор, баъзи ўринларда қутқарди ҳам. Яққол голга сабаб бўлмади, ҳал қилувчи хато қилмади, асосийси. Футболчи, айниқса, ҳимоячи фаолиятида бўлиб турадиган ўйин. Аминман, Ҳусановнинг ўзидаям фаолиятида шундай ўйинлар кўп топилади.

Хўп, унда нега бунақа реакциялар эканини, аввалроқ, Қирғизистон ва Эрон билан ўйинлардан аввал ёзган мақоламдаги қуйидаги жумлалар ҳам ифодалайди.

«Ҳусанов илк кунлардан Англияга анормал даражада меҳнаткаш, камтар футболчи сифатида кириб келди. Ҳатто Гвардиоланинг ҳам унинг ҳақидаги илк фикрлари профессионаллик билан, камтарлик билан боғлиқ бўлди. Бу жуда муҳим.

Ҳусанов ҳали ҳам шундай, шубҳа йўқ. У меҳнаткаш, камтар, иккита видео ё машина уни бузмайди, аниқ. Аммо ўша дастлабки тааасурот, имижнинг сақланиши ҳам аҳамиятли.

Шу маънодаки, эртага у хато қилса, муваффақиятсиз ўйин ўтказса ҳам оддий қабул қилиниши, унинг профессионализмига шубҳа туғдирмаслиги керак. Агар футболчида ёмон имиж шаклланса, ҳар қандай хато шунга боғланиши, сабаблар четдан ахтарилиши кўпайиб кетади. Бу футболчининг руҳиятига таъсир қилади. Инглиз матбуоти шафқатсиз.

Ёмон имижни қўйинг, ҳатто нофутбол фаолият ҳам зарар бериши мумкинлигини Маркус Рэшфорд мисолида кўрганмиз. У карантин пайтида болалар учун хайрия ишлар ташкил қилиб, яхши эътибор қозонди, мамлакат миқёсида тилга тушди. Кейин эса ҳар бир муваффақиятсиз ўйини ўша ишлар билан боғлана бошланди. Рэшфорд бошқа ишларга берилиб, футболни ўйламай қўйди, деган фикрлар кўпайди. Бир пайтлар Мбаппе даражасида кўрилган юлдуз ҳозир қаерда эканини кўряпмиз.

Ҳозир яхши ҳаммаси, эртага, худо кўрсатмасин, Ҳусанов ўйинида пасайиш бўлса, ёш футболчида буям табиий, мана бунақа видеолар энди инглиз матбуоти, янаям ёмони, мухлислари орасида айланиб юришини тасаввур қиляпсизми? Турли хулосалар билан. Тўғри бўлмасаям, таъсири бор буни»

Шунчаки, ўша фикрлар исботланди, амалда қандай бўлиши кичикроқ кўринишда намоён бўлди, шу холос. Яъни, футболдан ташқаридаги салбий тасаввур қандай қилиб футбол билан чамбарчас боғланиб кетиши ҳақидаги намунанинг гувоҳи бўлдик.

Ишонинг, мен кўп футбол кўрганман, Ҳусанов мана шу сўнгги ҳафтада идеал режимда яшаб, вақтида шуғулланиб, вақтида дам олиб ҳам, муваффақиятсиз ўйин ўтказиши мумкин эди. Ёки аксинча, ёмон тайёрланиб, нотўғри ишлар қилиб ҳам, учрашувнинг энг яхшиси бўлиш эҳтимоли ҳам бор эди. Яъни футболда ҳам ҳаётдаги каби, доим ҳам сабаб ва оқибат тўғри боғланмайди, бошқа факторлар ҳам ишлаб қолади. Аммо яна шуни унутмаслик керакки, ёмон оқибат содир бўлганда, албатта, мос сабаблар қидирилади, топиб боғланади.

Россия терма жамоаси 2008 йилги Европа чемпионатида фуррор кўтаргач, кейинги жаҳон чемпионатига чиқа олмаган. Ҳал қилувчи ўйин Словенияда кечган ва руслар мағлубиятга учраганда, ўйиндан бир кун олдин футболчилар меҳмонхона яқинидаги клублардан бирида вақт ўтказгани ҳақидаги видеолар чиқиб кетганди. Уёғи эсингизда бўлса, Андрей Аршавиннинг ўша машҳур «сизнинг биздан умидингиз бу - сизнинг муаммо» деган гапи билан тугаган. Билмаймиз, ахир бу биринчи мартамасдир, худди шу футболчилар аввал ҳам, айтайлик, Англия устидан ғалаба қозонишдан олдин ҳам худди шу ишни балки қилишган, кейин зўр ўйин кўрсатишган ҳам, лекин у унутилади. Юқорида айтилганидек, ёмон сабаблар доим ёмон оқибатга олиб бормаслиги мумкин, аммо доим ёмон сабаблардан қочиш, тийилиш талаб этилади. Бу қоида.

Яна шуни эътиборга олиш керакки, бизда Абдуқодир Ҳусанов битта холос. Англиядаги ягона умидимиз ҳозирча. Табиийки, уни яхши кўрамиз, унда ҳаммаси жойида бўлишини истаймиз. Менимча, ҳар қандай юртдошимиз шунақа. Мана шу ҳолатдаям, шунчалик танқидлар, фикрлар янградими, демак агар шунга ўхшаш ҳолат худо кўрсатмасин, Англияда бўлиб қолса, тасаввур қилаверинг. Чунки у ерда Ҳусановлар кўп, клуб биргина трансфер ёки ижара шартнома билан «муаммо»ни ҳал қилиш имконияти бор экан, у ердаги мухлислар ҳам, журналистлар ҳам аяб ўтирмайди, осонгина воз кечади, ишонаверинг.

Шу ҳолатда ҳам барибир, уч жиҳат одамни хурсанд қилади. Биринчиси, футболчимиз билан боғлиқ ҳолатда, ҳайриятки, унинг айби йўқ, ҳисоби. Юқорида мисол келтирилган Аршавин ёки Рэшфорд каби бевосита алоқаси кам. Шунчаки ҳаммада бўладиган биргина муваффақиятсиз ўйин бироз ходисани бўрттириб юборди холос. Абдуқодир ҳали ҳам футболни зўр ўйнайдиган, меҳнаткаш, камтар ёш йигит, ҳеч нарса ўзгармади.

Иккинчиси, агар биз буни қайсидир маънода хулоса чиқариш учун дарс деб қабул қилсак ҳам, натижага у қадар путур етмаган ҳолда, жуда кам йўқотишлар билан содир бўлди. Ўзбекистон шу икки ўйинда қониқарли натижани қўлга киритди, Ҳусановнинг муваффақиятсиз ўйинидан жабр чекмадик.

Учинчиси, вазиятни футболчининг атрофидагилар, аввало, агентлари, оиласи, унинг ўзи етарли дарс олди, деб ўйлайман. Кейинги сафар ҳаммаси бошқача бўлиши, футболчи турли салбий таъсирлардан ихоталанишига умид қиламан. Баъзилар буни масалан, умуман ҳеч ким билан кўришмаслик, қанақадир масофа қўйиш сифатида айтяпти, нисбатан тўғридир ҳам. Аммо шахсан менга Канте ёки Модрич каби футболчиларнинг ҳаракатлари ёқади. Масалан, Ҳусановнинг ўзбек маҳалласига келиб ё бирор футбол мактабига ташриф буюриб, у ердаги болалар билан бироз тўп тепиши, бирор хайрия тадбир ёки қанақадир ўзбекона бир удумда қатнашиши видео бўлиб дунёга тарқалишида ёмон нарса кўрмайман – бу яхши имиж берадиган ҳолатлар. Шунчаки қандайдир моддият билан боғлиқ совғалар ёки арзон рекламалардан узоқ туриш, фойдали ва зарарли жиҳатларни аниқ ажратиб олиш талаб этилади. 

Мана шунақа. Катта одам бўлиш, катта жамоада ўйнашнинг илгари кузатилмаган жиҳатлари кўп. Ҳали икки ой ҳам бўлмади, Абдуқодир «Челси» билан дебют ўйинида қандай оғир аҳволга тушиб қолгани ёдингизда бўлса керак. Қисқа вақтда у ўзига берилган имкониятдан максимал фойдаланди, ҳар томонлама ўзини кўрсатиб, жамоадошлари, мухлислар, мутахассисларнинг ёқимтойига айланди, клубда ойнинг энг яхши футболчиси деб топилди. Босиб ўтилган бу қисқа, лекин оғир йўл олдида бугунги синов ҳеч нарсамас. Умид қиламизки, Манчестерда Абдуқодир  ўзини ҳақиқий профессионал сифатида намойиш қилишда қолган жойидан давом этади.

Қаҳрамон Асланов

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар