26.03.2025 20:30
12268
Теглар
«Осиёда бўлсак, биз ҳам ЖЧга аниқ йўлланма олардик». Қозоғистон бош мураббийи Ўзбекистоннинг ЖЧ-2026га яқин эканига муносабат билдирди

Қозоғистон миллий жамоаси бош мураббийи Али Алиев Лихтенштейнга қарши ўйиндан сўнг (2:0) ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон миллий жамоасининг илк бор жаҳон чемпионатига яқин эканлиги ҳақида фикрини билдирди.

— Лихтенштейнга қарши ўйиннинг биринчи бўлимида Қозоғистон бирор марта ҳам дарвоза томон зарба бера олмади, бу пайтда эса қўшниларимиз — Ўзбекистон ва Қирғизистон жиддий натижалар кўрсатмоқда. Қирғизистон Қатарни мағлуб этди, Ўзбекистон эса жаҳон чемпионатига чиқишга яқин...

— Ғалаба муҳимлигини тушунаман. Бироқ чиндан ҳам дастлабки қирқ дақиқада бирор марта ҳам дарвоза томон зарба бера олмадик — бу факт. Ҳа, биз ўзимизни қўшнилар билан солиштирамиз: Қирғизистон Қатарни мағлуб этди, Ўзбекистон эса Жаҳон чемпионати финал босқичига чиқиш арафасида. Қирғизистон ҳам, Ўзбекистон ҳам уч марказий ҳимоячи билан ўйнаб, ўз имкониятларини қидирди.

Агар биз ҳам Осиё минтақасида бўлсак, Жаҳон чемпионатига аниқ йўлланма оламиз. Аммо Осиё футболи даражасини ортиқча баҳолаш керак эмас. Уэлс ва Шимолий Македониянинг ўйинига қаранг.

Бугун биз икки гол урдик ва ёшларга ўзини кўрсатиш имкониятини бердик. Мағлубиятлар сериясидан сўнг ғалаба — бу албатта олдинга силжишдир.

Биз Кенжебекни майдонга туширдик, Сатпаев ва Жагоровга ҳам имконият бердик. Бир неча йил аввал улар қаерда ўйнаганини эслаш керак. Бу масалада бироз сабрли бўлиш зарур. Ўйинда биз тўлиқ тўпга эгалик қилдик. Масалан, Лихтенштейн Шимолий Македонияга қарши мутлақо бошқача ўйин кўрсатганди.

Ҳа, тактика бўйича айрим масъулиятларни ўз зиммамга оламан. Лекин асосийси — ижрочилар. Биз терма жамоани янгиламоқдамиз, ёшлар билан ишлаяпмиз, бу эса вақт талаб қилади. Натижа, шубҳасиз, муҳим. Биз бу ҳақда кеча жамоа билан гаплашдик. Бугун уч очко бор — ва биз бу натижа билан кейинги ўйингача фахрланишимиз мумкин. Шимолий Македонияга қарши навбатдаги ўйин жамоа учун янги синов бўлади», - дея Қозоғистон миллий жамоаси бош мураббийи Али Алиевнинг сўзларини келтирган Sports.kz сайти.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар