Бразилия миллий жамоаси сардори Маркиньос кеча бўлиб ўтган Жаҳон чемпионати саралаши доирасидаги ашаддий рақиби Аргентинага қарши баҳсда учралган мағлубиятдан сўнг мухлислардан узр сўради.
Пентакампеонлар ўтказилган сўнгги тўртта ўйинида фақат бир марта ғалаба қозонишни уддалади. Маркиньос ўз жамоадошларини вазиятни имкон қадар тезроқ ўзгартиришга ундади.
«Бугун биз кўрсатган футбол ортиқ такрорланмайди. Ҳиссиётлар жўш урган вақтда мағлубият ҳақида гапириш қийин. Биз ўйинни жуда ёмон бошладик, аксинча рақибнинг ўзига бўлган ишончи анча юқори эди. Мухлисларимиз олдида таассуфдаман. Бу фақат мураббийнинг айби эмас. Футболчилар ҳам масъулиятни ўз зиммаларига олишлари керак.
Футболда ҳеч қандай яширин формула йўқ, ғалаба қозониш ҳамманинг қўлидан келади. Шунинг учун, барча бирдек айбдор.
Чиройли услубимиз билан мухлисларнинг ишончини қайтаришимиз керак. Лекин ҳар доим ҳам воқеалар биз ўйлагандек якун топавермайди» – дея 30 ёшли бразилиялик футболчининг сўзларини келтиради TV Globo нашри.