25.03.2025 19:05
7522
Теглар
«Улар биздан ўзиб кетишди» – Эрон матбуоти Ўзбекистонга қарши ўйин ҳақида

Ўзбекистон миллий жамоасининг ЖЧ-2026 саралаш босқич 8-тури доирасидаги Эронга қарши ўйини олдидан форс матбуоти ўзбек футболи легионерлар эвазига тобора кучаётганига эътибор қаратди.

Хусусан, «Football360» ва «Varzesh» интернет нашрлари Ўзбекистон сўнгги йилларда легионерлар эвазига янги даражага кўтарилаётганини қайд этган.

«Ўзбекистон А гуруҳида Эронни таъқиб этишда давом этмоқда ва 16 очкога эга жамоа Теҳрондаги ғалаба эвазига пешқадамга етиб олиш имкониятини қўлдан чиқармоқчи эмас.

Темур Кападзе бошқарувидаги Ўзбекистон миллий жамоасининг 10 нафар легионери Эрон (3), Россия (2), Саудия Арабистони, БАА, Италия, Англия ва Озарбойжон чемпионатларида ўйнашади.

Биргина Остон Ўрунов 2,5 миллион евро трансфер баҳоси билан Эрон чемпионатининг энг қимматбаҳо ўйинчиси бўлиб турибди. Миллий жамоадаги легионерларнинг қайси чемпионатдан чақирилгани бўйича ҳам Эрон Про лигаси пешқадам – Ўткир Юсупов («Фулад»), Жалолиддин Машарипов («Истиқлол») ва Остон Ўрунов («Персеполис»).

Эронлик мухлислар учун хурсанд қиладигани Машарипов дисквалификация туфайли «Озодий» стадионида майдонга чиқмайди, Ўрунов эса жароҳат сабабли ўйнай олмайди.

Ўзбекистон футболининг энг катта ютуқларидан бири – Абдуқодир Ҳусанов ва Элдор Шомуродовнинг Европанинг етакчи чемпионатларида ўйнаётганидир. 21 ёшли ҳимоячи 40 миллион евро эвазига «Манчестер Сити»га ўтиб, қисқа давр ичида Пеп Гвардиоланинг ҳимоя қўрғонидаги ишонган тоғига айланиб олди.

Элдор Шомуродов эса «Рома»да ниҳоят ўз ўрнини топди ва юқори савияли форвард эканини кўрсата олмоқда. 29 ёшли ҳужумчи Ўзбекистон миллий жамоасининг ҳужумдаги етакчиси ва сардори саналади. У Клаудио Раниери қўл остида Рим жамоасининг ҳужум чизиғида ўз ўрнини топа олди.

Таққослашингиз учун, Эроннинг Европадаги кучли бешлик чемпионатларида ягона вакили Меҳди Торемий бўлиб турибди. У «Интер» аъзоси бўлса-да, асосий таркибда ўз ўрнига эга эмас ва асосан захирада қолиб кетмоқда. Ҳа, таркибдаги етакчи легионерлар масаласида улар биздан ўзиб кетишди.

Қирғизистонга қарши ўйинда Ўзбекистон миллий жамоасининг асосий таркибида 7 нафар легионер майдонга тушди. Булар – Ўткир Юсупов («Фулад»), Абдуқодир Ҳусанов («Манчестер Сити»), Рустам Ашурматов («Рубин»), Отабек Шукуров («Ал-Файҳа»), Аббосбек Файзуллаев (ЦСКА), Жалолиддин Машарипов («Истиқлол»), Элдор Шомуродов («Рома»). Таққослаш учун, Эроннинг БААга қарши ўйинида 5 нафар легионер майдонга тушганди», - дейилади форс нашрида.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар