Бугун, 25 март куни миллий жамоамиз Эронда жуда муҳим ўйинда майдонга тушади. Албатта, сарлавҳадаги савол ўринсиздек, табиийки, ижобий натижа биз учун фойдали бўлиши табиий. Аммо ушбу ўйиндаги турли вариантлар бизнинг гуруҳдаги имкониятимизга қай даражада таъсир қилишини кўриб чиқиш зарар қилмайди.
Бу ўйиндаги ижобий натижа нафақат турнир жадвалидаги ҳолатимизга таъсир қилиши, балки кейинги ўйинлар олдидан жуда керакли бўлган кайфиятни бериши, ортиқча босимдан халос қилиши мумкин. Шу билан бирга муваффақиятсиз якун ҳам бизни сўнгги турлар олдидан 2-ўрин учун фаворит сифатида қолдиришини ҳам унутмаслик керак. Зеро айни пайтда тўғридан тўғри мундиалга чиқиш имкониятимиз турли ҳисоб-китоб порталларида 90 фоиздан ортиқ баҳоланмоқда.
Келинг, гуруҳимиздаги кейинги ўйинларга эътибор қаратиб, Эрондаги ўйин ракурсида ҳолатимизни таҳлил қилиб кўрайлик.
7-ТУРДАН КЕЙИНГИ ВАЗИЯТ:
ҚОЛГАН УЧРАШУВЛАР:
25 март. Қирғизистон – Қатар, Эрон – Ўзбекистон, Шимолий Корея – БАА
5 июн. Қатар – Эрон, БАА – Ўзбекистон, Шимолий Корея – Қирғизистон
10 июн. Ўзбекистон – Қатар, Қирғизистон – БАА, Эрон – Шимолий Корея
БИРОЗ СТАТИСТИКА
Ўзбекистоннинг бўлажак рақиблар билан ўзаро ўйинлари статистикасини келтирамиз. Фақат ЖЧ саралаш ўйинлари олинган:
Эрон билан (сафарда): 3 ўйин, 1 ғалаба, 1 дуранг, 1 мағлубият. Тўплар нисбати: 1-2. Эрон фойдасига.
БАА билан (сафарда): 2 ўйин, 1 дуранг, 1 мағлубият. Тўплар нисбати 1-4, БАА фойдасига.
Қатар билан (уйда): 4 ўйин, 4 ғалаба. Тўплар нисбати: 12-2
Кўриниб турибдики, агар аввалги ўйинлардан келиб чиқиб, арифметик ўртача натижаларни олсак ҳам, Эронда дуранг, БААдан мағлубият ва Қатар устидан қозонилган ғалаба бизни тўғридан тўғри жаҳон чемпионатига олиб чиқади.
1-вариант. ЭРОНДА ҒАЛАБА
Эрондаги ғалаба очколаримиз сонини 19 тага етказади ва ҳатто биз эртагаёқ мундиал йўлланмасини расман ҳал қилишимиз мумкин. Бунинг учун Қатар Қирғизистонда, БАА эса Шимолий Корея билан ўйинда очко йўқотиши керак бўлади.
Энди реалроқ вариантларга тўхталамиз - асосий рақибларимиз ҳам ўз ўйинларини ғалаба билан якунлаган деб тасаввур қилсак, айни пайтдаги 6 очколик фарқ сақланиб қолади.
Демак, у ҳолда биз охирги икки ўйинда 1 очко олишимиз кифоя бўлади. БАА билан сафарда ёки Тошкентда Қатар билан ўйиндан биттасида дуранг ўйнасак, 2-ўринни нақд қилиб қўямиз. Шунда очколаримиз минимум 20 бўлади. Биз биламизки, БАА ва Қатар 19 очкодан кўп тўплай олишмайди.
Агар охирги ҳар икки ўйинни ютқазсак нима бўлади? У ҳолда ё БАА ёки Қатар ёки иккаласи билан ҳам очколаримиз тенг бўлиб қолиши мумкин. Биринчи навбатда тўплар нисбатига қаралишини эътиборга олсак, катта эҳтимол билан БАА бизни қувиб ўтиши мумкин.
2 вариант. ЭРОН БИЛАН ДУРАНГ
Эрондаги дуранг ҳам бизни эртагаёқ мундиал иштирокчисига айлантириб қўйиши эҳтимоли бор. Бунинг учун БАА ва Қатар мағлубиятга учраши керак бўлади. Ўшанда ушбу жамоаларда очколар 10 талигича қолади, Ўзбекистон эса 7 очколик етиб бўлмас масофани юзага келтиради. Аммо келинг яна реалроқ эҳтимолга қайтамиз.
Рақибларимиз кутилмаган очколарини йўқотишмаса, Эронда дуранг ўйнашимиз турнир жадвалини қуйидаги ҳолатга келтириши мумкин.
Атиги 1 очко бўлса ҳам, айни пайтда стратегик жиҳатдан жуда аҳамиятли бўлишини пайқаш қийин эмас. Шу маънодаки, 9-турда БАА сафари олдидан аниқ биламизки, ҳатто мағлубиятга учрасак ҳам БАА бизга очколар бўйича етиб ололмайди. Бу ҳаммаси сўнгги турда Тошкентда, Қатарга қарши ўйинда ҳал бўлишини билдиради. Яъни мағлубиятдан қўрқмасдан, босимсиз ҳаракат қилиш ҳам футболчиларимизга қўшимча устунлик беради. Энг муҳими, айнан Эронда очко олсак, БАА ва Қатар учун йўлланма фақат ўзига боғлиқ бўлиб қолмайди. Юз фоизли натижа ҳам уларга йўлланмани нақд қилмайди ва Ўзбекистоннинг натижаларига қарашга мажбур бўлиб қолишади. Мана шу фактор ҳам сўнгги турларда Ўзбекистонни яққол фаворитга айлантириб қўяди.
3-вариант. МАҒЛУБИЯТ
Бу энг ёмон сценарий. Аммо шунда ҳам энг яхши имконият Ўзбекистонда бўлиб қолишини унутмаслигимиз керак.
Бу ҳолатда БААда ўтадиган ўзаро ўйинимиз ҳал қилувчи мақомида бўлади. Агар БААда ҳам ютқазадиган бўлсак, араблар очколар бўйича бизга етиб олишади ва тўплар нисбатига кўра 2-ўринга кўтарилиб олишади. У ҳолда йўлланмага эга бўлишимиз учун сўнгги турда Қатарни енгиб, БААнинг Қирғизистонда очко йўқотишидан умид қилишимизга тўғри келади.
БААни ютадиган бўлсак, сўнгги турда Қатар билан 3 очколик фарқ сақланиб қолиши мумкин. Қатар билан дуранг бизни тўлиқ қаноатлантиради, ҳатто мағлубият ҳам безарар бўлиши мумкин. Чунки ҳозирча Қатарнинг тўплар нисбати жуда ёмон, кейинги турларда ҳам йирик ғалабалар билан бизга тенглашиб олмаса, кичикроқ ҳисобдаги мағлубият ҳам бизни қониқтириши мумкин бўлади.
БАА билан дуранг сўнгги тур олдидан улар билан 3 очколик, Қатар билан эса камида бир очколик фарқни сақлаб қолади. У ҳолда Қатар билан дуранг ўйнаш кифоя бўлиб қолади.
ХУЛОСА
Энди ҳар бир вариантга алоҳида кириб, бошни қотиришни истамайдиганлар учун содда тезис шаклида тушунтириб ўтамиз.
- Ўзбекистон ҳар қандай ҳолатда йўлланмани расман ҳал қилиши учун 4 очко керак бўлади. Бу очколарни Эрон, БАА ва Қатарга қарши ўйинларда қўлга киритилса кифоя. Яъни сўнгги уч турда бизга бир ғалаба ва бир дуранг 2-ўрин учун етарли бўлади.
- Фақат бир ғалаба ва икки мағлубият билан мундиалга чиқишимиз учун ушбу ғалаба БАА билан ўйинимизда содир бўлгани энг яхшиси. У ҳолда фақат Қатарнинг кейинги уч ўйинда йирик ҳисобда ғалабаларга эришиши бизга халақит бериши мумкин холос.
- Қизиғи, 3 очкодан кўра 2 очко олишимиз бизга яхшироқ. Фақат бу икки дуранг БАА ва Қатар билан ўйинларда қўлга киритилиши керак. Агар шу икки дурангга эришсак, очколаримиз сони 18 та бўлади. БАА ва Қатар биз билан очко йўқотишини инобатга олсак, қолган ўйинларда ғалаба қозонса ҳам, максимум 17 очкога эга бўлишади.
- Кейинги ўйинларда бирорта ҳам очко олмасдан туриб ҳам 2-ўринда қолиш имконияти бор. Бу энди фақат назарий тарафдан – БАА ва Қатар Шимолий Корея ва Қирғизистон билан ўйинларда ғалаба қозона олмаслиги керак бўлади.
Яна шуни унутмаслик керакки, сўнгги ўйинлар ўта муваффақиятсиз кечиб, биз пастки ўринларга тушиб кетсак ҳам, фожиа сифатида баҳоламаслик керак. Мундиалга кейинги босқичда, бошқа рақиблар билан ўйинлар орқали чиқиш имкониятимиз сақланиб қолади.
Қаҳрамон Асланов тайёрлади.