ЖЧ-2026 саралаш босқич 8-тури доирасидаги Эронга қарши ўйин олдидан Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Темур Кападзе матбуот анжуманида иштирок этди. Унга яримҳимоячи Аббосбек Файзуллаев ҳамроҳлик қилди.
«Бизни қизиқарли учрашув кутиб турибди. Рақибимиз Эрон қандай кучга эканини яхши биламиз. Ўйинга яхши тайёргарлик кўрдик деб ўйлайман. Инша Аллоҳ, эртанги учрашувга ҳамма тайёр», - дея гап бошлади Темур Кападзе.
«Ҳа, Эрон чемпионатидаги ўйинчиларимизни кузатиш орқали Эрон миллий жамоасидаги ўйинчиларни маълум даражада биламиз. Қолаверса, бу жамоага қарши охирги йилларда кўп марта дуч келганмиз. Ўзимизда ҳам рақиб жамоа ҳақида маълумотлар бор, футболчиларимиздан ҳам маълумот олганмиз.
2012 йилги Эронда ғалаба қозониб кетган авлод билан ҳозирги авлоддан қай бири кучли? Солиштиришни истамасдим ва бу нотўғри. Ўша пайтда ўша авлодимиз кучли эди, ҳозир ҳам миллий жамоада энг кучли авлод ўйнамоқда. Насиб қилса, мақсадимиз сари яқинмиз.
Машарипов йўқ, Остон Ўрунов Эронга қарши майдонга туша оладими? Уларнинг ҳар иккиси ҳам миллий жамоамизнинг муҳим ўйинчилари саналади. Футболда дисквалификациялар учраб туради. Остонга келадиган бўлсак, жароҳати бор эди, ҳозир у тайёрланмоқда. Учрашувгача тайёр бўлса, майдонга тушади. Қолган футболчилар соғ-саломат, тайёргарликни давом эттиряпмиз», - деди Темур Кападзе.
Аббосбек Файзуллаев ҳам ўйин борасидаги фикрларини билдирди.
«Яхши савиядаги миллий жамоалар ўртасидаги ўйин кутиб турибди. Биз бу ерга ғалаба учун келганмиз. Бор кучимизни кўрсатамиз.
Европа чемпионатларида ўйнаш мақсади? Савол ва эътироф учун катта раҳмат. Лекин ҳозир бу саволга жавоб беришнинг мавриди эмас деб ўйлайман. Сабаби эртага бизни жуда муҳим ўйин кутиб турибди», - деди Файзуллаев.
Маълумот учун, Эрон – Ўзбекистон учрашуви 25 март куни соат 21:00да бошланади.