Португалия миллий жамоаси бош мураббийи Роберто Мартинес Миллатлар Лигаси чоракфиналидан ўрин олган Данияга (5:2, биринчи ўйин — 0:1) қарши баҳсдан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
«Бугун Даниядан кўра анча яхши ўйнадик. Футболчилар ўйинни ўқий олишади ва вазиятлар яратишга қодир. Биз 5 та гол урдик ва бу осон эмас. Копенҳагенда атмосфера яхши эди, аммо бугунгиси янада ажойиб бўлди.
Футболда ҳаётда бўлганидек осон эмас, сабоқлар олишингиз керак. Доим ҳам 3:0 ҳисобида ғалаба қозониш иложсиз. Ҳаётда муҳими — курашиш, қаттиқ ишлаш ва ҳалол бўлиш. Жамоа бугун португалларнинг энг яхши фазилатларини — характер, кураш, қатъиятлилик ва ҳал қилувчи вазиятларда юқори маҳоратни намойиш этди», — дея испаниялик мутахассиснинг сўзларини келтиради УЕФА расмий сайти.