Ўзбекистон миллий жамоаси ҳимоячиси Ҳусниддин Алиқулов «Ризеспор» клуби сафида Туркия чемпионати доирасидаги «Бодрумспор»га (0:2) қарши баҳсда юзидан жароҳат олиб, майдонни тарк этганди.
Клуб томонидан ўтказилган тиббий текширувлар натижасида 25 ёшли футболчининг бурун ва ёноқ қисмида суяк синиш ҳолати аниқланиб, унга жарроҳлик амалиёти қўлланди.
ЎФА матбуот хизматининг хабар беришича, вазиятдан келиб чиққан ҳолда тиббий штаб тавсияси билан Алиқулов миллий жамоанинг бўлажак йиғинида қатнаша олмайдиган бўлди.
Темур Кападзе бошчилигидаги мураббийлар томонидан миллий жамоа сафига «Насаф» клуби ҳимоячиси Ғолиб Ғайбуллаев жалб этилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ЖЧ-2026 саралаши доирасида 20 март куни Қирғизистонни қабул қилиб, 25 март куни Эрон меҳмони бўлади.