07.03.2025 22:23
2238
Теглар
«Насаф» янги футболчиларни таништирди. Қашқадарё вилояти ҳокими 2025 йилда ҳам чемпионлик вазифасини қўйди

Бугун, 7 март куни Қарши шаҳридаги Ёшлар марказида «Насаф» футболчилари ва мураббийлари, мухлислар ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Бердиалиевич Азимов иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Тадбир таништирув маросимига уланиб кетди.

Клуб матбуот хизмати хабарига кўра, вилоят ҳокими Муротжон Азимов «Насаф» клубининг вилоят аҳолиси учун нақадар муҳим эканини таъкидлаб, уларнинг ҳар бир ғалабаси мухлисларга юқори кайфият улашишини қайд этган. Шунингдек, жамоанинг янги мавсумда ҳам совринларни қўлга киритиши ва ўтган мавсум Суперлига чемпиони сифатида чемпионликни сақлаб қолиши зарурлигини таъкидлади.

«Сўзга чиққан жамоамиз президенти, «Шўртан газ-кимё мажмуаси» бош директори барча иштирокчиларга миннатдорчилик билдириб, мухлисларнинг жамоа учун катта куч эканини алоҳида эътироф этди. Айнан уларнинг қўллаб-қувватлаши ва жамоанинг жипслиги туфайли «Насаф» ўтган мавсум орзиқиб кутилган чемпионликни қўлга киритгани таъкидланди. У янги мавсумда ҳам асосий мақсад чемпионликни қўлга киритиш эканини билдирди.

Жамоамиз афсонаси ва тажрибали мураббийимиз Рўзиқул Бердиев жамоанинг катта ютуқларга эришиши учун барча шарт-шароитлар яратиб бераётган вилоят ҳокимлиги ҳамда бош ҳомий «Шўртан газ-кимё мажмуаси» раҳбариятига миннатдорчилик билдирди. У билдирилган ишончни оқлаш учун жамоа тинимсиз ҳаракат қилишини таъкидлади.

Шунингдек, сўзга чиққан Абдувоҳид Неъматов ҳамда Суперлиганинг сўнгги йиллардаги энг яхши тўпурарларидан бири, «Насаф» сафида дебют қилган Драган Черан ҳам мухлислар ишончини оқлашга ваъда беришди», - дейилади клуб матбуот хизмати хабарида.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати ҳам Муротжон Азимов жамоа олдига чемпионлик вазифасини қўйгани ҳақида маълум қилган.

Тадбир якунида жамоага янги қўшилган футболчиларга ўз рақамларига эга футболкалар тантанали равишда топширилди:

Рубин Ҳебай – 99

Олександр Воробей – 1

Драган Черан – 10

Суҳроб Нуруллоев – 17

Умарбек Эшмуродов – 92

Ҳусайн Норчаев – 18.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар