«Атлетико» бош мураббийи Диего Симеоне ЕЧЛ 1/8 финалидан ўрин олган «Реал» (1:2) билан ўйиндан сўнг ўз фикрларини билдирди.
«Тактика жуда муҳим рол ўйнаган ўйин бўлди, жамоалар ҳар бир вазиятдан максимал фойдаланишга уринди. Гол бўлган вазиятда яхшироқ ҳаракат қилишимиз мумкин эди.
Жамоамнинг асосий иши шуки, улар таслим бўлишмади, ваҳимага тушишмади. Одатда эрта ўтказиб юборилган голдан сўнг саросима юзага келади. Аммо улар ўйнай бошлашди, тўпни эгаллашди ва Алварес гол урди, Жулиано ҳамда Линода яхши вазият бўлди.
Иккинчи бўлим ҳам биринчисидек бошланди, Браҳимнинг голида ҳам яхшироқ ўйнашимиз мумкин эди.
Ўзгартиришлар? Ҳужум чизиғига Корреа ва Сёрлотни туширдик, рақибнинг қарши ҳужумларига қарши кучли ҳимоя ташкил қилдик. Сўнгги эпизод дарвозамизга гол олиб келиши мумкин эди. Келаси чоршанба куни яхшироқ ўйнаймиз», — дея аргентиналик мутахассиснинг сўзларини келтиради Marca.