Криштиану Роналдуга Элит Осиё Чемпионлар лигаси 1/8 финали доирасидаги «Истиқлол»га қарши учрашув учун Эронга бормаслик тавсия қилинди.
«Ан-Наср» жамоаси 3 март куни Элит ОЧЛ нимчоракфинали биринчи ўйини доирасида Теҳронда «Истиқлол» билан учрашиши лозим. Саудия клуби Эрон жамоасига расмий хат билан мурожаат қилиб, ўйинни бошқа мамлакатга кўчиришни сўраган. Бу маълумотни Эрон Футбол федерацияси президенти Меҳди Тож ва «Истиқлол» бош директори Али Назари тасдиқлади.
Varzesh хабарига кўра, Роналдунинг хавфсизлигига жавобгар хизматлар португалиялик юлдузга Теҳронга бормасликни маслаҳат берган. Сабаби, унинг аввалги ташрифи давомида футболчига бўлган улкан қизиқиш ортидан тартибсизликлар юзага келган эди.
«Истиқлол» раҳбарияти араб клубининг ўйинни бошқа мамлакатга кўчириш сўровини рад этган ва учрашув Теҳронда ўтказилиши кутилмоқда.
Аввалроқ, оммавий ахборот воситаларида Роналду ушбу сафарни рад этиши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. Кейинроқ «Ан-Наср»га яқин журналист Абдулазиз Ал-Осими ижтимоий тармоқда шундай ёзди: «Худо хоҳласа, афсона ушбу сафарда жамоаси билан бирга бўлади».
Маълумот учун, Роналдунинг жамоасига қарши баҳсда ўзбекистонлик Жалолиддин Машарипов майдонга тушиши кутилмоқда. У Криштианунинг собиқ жамоадоши саналади.