Эроннинг «Истиқлол» клуби жароҳат сабабли сафдан чиққан Жалолиддин Машарипов ва Жоэл Кожо машғулотларга қайтганини маълум қилди.
Теҳрон клуби Осиё Элит Чемпионлар лигаси 1/8 финалида «Ан-Наср»га қарши ўйнаши маълум бўлгач, жамоанинг етакчиларидан бўлган ушбу футболчилар сафга қайтган. Машарипов январ ойи охирида бир ойга сафдан чиққани маълум қилинганди, Кожо эса феврал ойи ўртасида жароҳат олиб, бир ой майдонга туша олмаслиги хабар қилинганди. Аммо Криштиану Роналдуга қарши ўйин олдидан Машарипов ва Кожо теҳронликлар сафида машғулотларни бошлаб юборган.
Маълумот учун, «Истиқлол» 3 март куни Теҳронда «Ан-Наср»ни қабул қилади.
Аввалроқ, Жоэл Кожо жароҳати сабабли Қирғизистон миллий жамоасининг Ўзбекистонга қарши 20 март кунги ўйинини ўтказиб юбориши мумкинлиги хабар қилинганди.