«Галатасарой» дербидан (0:0) сўнг Жозе Моуриниони ирқчиликда айблади.
Ўйиндан сўнг «Фенербаҳче» устози рақиб футболчилари ва мураббийларининг хатти-ҳаракатларини танқид қилди.
«Мен ҳакамга миннатдорчилик билдиришим керак. Рақиб ҳақида гапирсам, улар дурангдан сўнг маймунлар каби сакрашди. Агар ўйинни туркиялик ҳакам бошқараганида, ёш ҳимоячимиз Юсуф Акчичек 1-дақиқадаёқ карточка оларди, кейин мен уни 5-дақиқада алмаштирган бўлардим», — деганди португалиялик мутахассис.
«Галатасарой» бу сўзларни Моуринионинг турк халқига ҳурматсизлиги деб атаб, баёнот берди.
«Туркиядаги фаолиятининг бошидан бери «Фенербаҳче» бош мураббийи Жозе Моуринио турк халқини камситувчи фикрлар билдиради. Энди эса у ахлоқсиз фикрлардан шунчаки ғайриинсоний риторикага ўтди.
Биз Моуриниога ирқчилик руҳидаги баёнотлари учун иш очилишини сўраймиз. Бу борада УЕФА ва ФИФАга ҳам расмий шикоятлар юборамиз», — дейилади «Галатасарой» баёнотида.