22.02.2025 16:32
3726
«Манчестер Сити» «Ливерпул»га қарши, «Челси» ва «Бавария»да ҳам жиддий синов. Ҳафта ўйинлари анонси

Баҳорги ҳал қилувчи палла олдидан Европада жамоалар яна бир муҳим ўн кунликка қадам қўймоқда. Айнан шу даврдаги муҳим ўйинлардаги натижалар балким кўп жамоаларнинг мавсум сўнггидаги мақсадини ифодалаб беради. Англияда Чемпионлар Лигаси йўлланмалари учун курашда аҳамият касб этадиган бир қатор ўйинлар бўлиб ўтса, кучли бешликнинг ташқарисида бизни мавсумнинг энг асосий баҳси кутиб турибди.

АСТОН ВИЛЛА – ЧЕЛСИ (22 феврал, 22:30)

«Челси» Англия Премьер Лигаси доирасидаги охирги 9 ўйинда атиги 2 ўйинда ғалаба қозонди. Табиийки, бу натижалар яқиндагина топ-4 учун фаворит бўлган лондонликларнинг имкониятини пасайтириб юборди. Ҳатто Энцо Марескага нисбатан босим ортиб, истеъфо ҳақида ҳам фикрлар янграй бошлаганини айтиш мумкин.

Аммо бу ерда муҳим жиҳатни эътиборга олиш керак. Яқинда «Челси» собиқ футболчиси Жон Оби Микел бугунги ҳолатнинг асосий айбдори сифатида мураббийни эмас, ушбу таркибни йиққанларни кўрсатиш кераклиги ҳақида мулоҳазалари билан ўртоқлашганди. Жонннинг айтишича, таркиб ҳар қанча кучли, иқтидорли футболчилардан ташкил топган бўлмасин, майдонда тажрибали футболчилар ҳам бўлиши шартлигини таъкидлади. Ростан ҳам ўша Абрамовичнинг илк йилларида ҳам, яқинда Чемпионлар Лигасини ютган таркибда ҳам ёшлар билан бир қаторда ҳар чизиқда тажрибали футболчилар ўйнаганини эсласангиз керак.

«Астон Вилла» мана шундай қийин пайтда қарши ўйнаш учун энг ноқулай жамоалардан бири экани шубҳасиз. Эмери шогирдлари уч кун олдин «Ливерпул»га ҳам муносиб қаршилик кўрсатиб, очко олишнинг уддасидан чиқишди. Таркибга янги қўшилган Рэшфорд, Асенсио каби футболчилар ўйинга янги чизгиларни қўшиб, «Астон Вилла»ни янада хавфлироқ жамоага айлантираётгани ҳам бор гап. Биринчи даврада Лондонда мезбонлар 3:0 ҳисобида ғалаба қозонгани ҳам «Астон Вилла»га қўшимча мотивация беради.

Меҳмонларга ёрдам бериши мумкин бўлган фактор эса юқорида эслаб ўтилган ўйин – «Астон Вилла» уч кун олдин «Ливерпул» билан қийин учрашув ўтказди, табиийки, жисмоний томондан «Челси»га нисбатан ёмонроқ ҳолатда бўлиши табиий. Умуман Эмери жамоаси уч кунда бир режимда яхши натижалар қайд эта олмаётгани аввал ҳам эътироф этилганди. Масалан, жамоа ҳафта ўртасида Чемпионлар Лигасида учрашув ўтказган ҳафталарда АПЛ ўйинида очко йўқотган. Асосан бир хил таркибда ҳаракат қиладиган «Астон Вилла» учун бу режим анча ноқулайлик туғдиради.

Жароҳатлар борасида ҳар икки томонда етарлича муаммолар бор. Леон Бэйли, Онана, Пау Торрес каби футболчилар мезбонлар таркибида ҳар чизиқдаги етакчи футболчилардир. Шунингдек, Камара ва Росс Баркли ҳам шерикларига ёрдам бера олишмайди. «Челси» эса сўнгги ўйинларда ҳам Жексонни, ҳам Мадуэкени йўқотди – ҳужум чизиғи учун жиддий зарба. Бадиашил, Фофана, Лавия каби футболчилар ҳам жароҳат туфайли шерикларига ёрдам бера олишмайди.

НЮКАСЛ – НОТТИНГҲЕМ ФОРЕСТ (23 феврал, 19:00)

Англияда жисмоний томондан энг юқори кўрсаткичларга эга бўлган бу икки жамоанинг ўзаро жанги томоша қилиш учун энг муносиб учрашувлардан бири бўлишига шубҳа йўқ. «Нюкасл» ғалаба қозонган тақдирда «Ноттингҳем»га 3 очко масофага яқинлашиб олади ва табиийки, Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун курашда жиддий рақобатга киришади.

«Ноттингҳем» бундан кейинги ўйинларни «Арсенал» ва «Манчестер Сити»га қарши ўйнашини эътиборга олсак, жамоа учун энг масъулиятли давр бошланмоқда. Айнан шу ўйинларда жамоа мавсум охири учун мақсадини жиддий намойиш қилиши мумкин. Очколар йўқотилса, топ-4 дан чиқиб кетиб қолинади ва кейин «Сити», «Челси» каби жамоаларга қарши рақобат қилиш янада қийинлашиб кетади.

Ўз навбатида «Нюкасл» ўйинларида беқарорлик пайдо бўлганини ҳам таъкидлаш лозим. Жамоа ўз уйидаги охирги икки ўйинни «Борнмут» ва «Фулҳэм»га ютқазиб қўйди. Орада эса, «Арсенал»ни Лига кубоги яримфиналида мағлуб этиб, сўнгги уч йилда иккинчи марта ушбу мусобақа финалига чиқди. Эдди Хау жамоаси ҳали ҳам барқарор очколарни бутун мавсум қўлга киритиб бормаса-да, алоҳида ўйинларга ўзгача тайёрланиб, жуда кучли бўла олишларини доим исботлаб келишган.

Яқинда мавсум учун статистик маълумотлар эълон қилинганда «Ноттингҳем» югуриш бўйича анча паст кўрсаткич қайд этгани маълум бўлганди. Бир қараганда парадоксал ҳолат, зеро нисбатан камтар таркиб билан юқорида юриш учун жамоа анча кўп тер тўкиши керакдек. Аммо бу ерда икки асосий жиҳат бор. Биринчидан, «Ноттингҳем» жуда зич схемада ҳаракат қилади, бу эса, майдон бўйлаб ортиқча югурмасдан тўпни эгаллаб олиш имконини беради. Иккинчидан эса реализация кўрсаткичларининг юқори экани ҳам жамоанинг натижаларига замин яратмоқда. АПЛнинг жорий мавсумдаги икки муваффақиятли ҳужумчилари Александр Исаак ва Крис Вуднинг ўзига хос дуэли ҳам мухлислар учун жуда қизиқ бўлса керак.

«Ноттингҳем»нинг юқорида тилга олинган услуби таркибнинг кўп жароҳат олишидан ҳам асраётгани шубҳасиз. Жамоа таркибида деярли йўқотишлар кўп, фақат захирадан майдонга тушиб турадиган Тайво Авонийининг ҳолати бироз сўроқ остида холос. Мезбонлардан эса Ботман, Барнс ва Ласселсдан ташқари айниқса Жоалинтоннинг йўқлиги энг катта йўқотиш бўлса керак. Тонали ва Гимарайш билан биргаликда бразилиялик яримҳимоячи «Нюкасл»да Англиянинг энг яхши учликларидан бирини ташкил қилар эди.

БАВАРИЯ – АЙНТРАХТ (23 феврал, 21:30)

«Бавария» Бундеслигада анча комфорт фарқ билан чемпионлик сари одимлаётган бўлса-да, сўнгги пайтларда асабийлашаётганини ҳам таъкидлаш керак. Айниқса, «Байер» билан ўйинда ливеркузенликлар Компани шогирдларидан бир бош баланд тўп суришди. Бутун ўйин давомида «Бавария» атиги иккита ноаниқ зарба билан кифоялангани жамоада муаммолар борлигини, айниқса, Чемпионлар Лигасидаги муҳим ўйинлар олдидан ниманидир тузатиш лозимлигини намойиш қилиб берди. Нафақат «Байер» билан, «Селтик» билан ҳар икки ўйинда ҳам жамоа ишончли кўринмади. Шотландиядаги баҳсда «Селтик» ўйин томонидан ҳам устунлик қилган бўлса, жавоб ўйинида фақат сўнгги дақиқалардаги гол «Бавария»ни қўшимча вақтлардан асраб қолди. Бу ҳолатда «Айнтрахт» билан ўйинда ишончли ғалаба шарт, акс ҳолда аллақачон чўнтакда деб ҳисобланган Бундеслига чемпионлиги ҳам хавф остида қолади.

«Айнтрахт» эса лигада ишонч билан учинчи ўринни эгаллаб турибди. Жамоа Европа Лигасида ҳам курашни давом эттиради. Франкфурт жамоаси учун жуда яхши натижа. Фақат энг сермаҳсул футболчи бўлмиш Мармушнинг кетиши сўнгги пайтдаги натижаларга ўз таъсирини кўрсатганини ҳам таъкидлаш керак. Мисрлик футболчи кетганидан сўнг, жамоа Бундеслигадаги охирги уч ўйинни дуранг билан якунлади, Европа Лигасида «Рома»га мағлубиятга учради. Фақатгина охирги турда сўнгги ўринда бораётган «холштейн» устидан ғалаба қозониб, вазиятни сал ўнглашди. Аммо кейинги икки ўйин «Бавария» ва «Байер» билан бўлиб ўтади. Бу учрашувларда мағлубиятлар содир бўлса франкфуртликлар ҳозирги позициясини хавф остида қолдириши аниқ.

Ўзаро ўйинларга келсак, «Бавария» ва «Айнтрахт» ўйинлари сўнгги пайтларда ўзининг томошабоплиги билан ажралиб туради. Биринчи даврадаги 3:3 ни ҳали ҳеч ким ёдидан чиқаргани йўқ. Ўтган мавсумда эса Франкфуртдаги учрашувда мезбонлар 5:1 ҳисобида устун келганди. Ҳатто фақат Мюнхендаги ўйинларни олсак ҳам меҳмонлар анча муносиб кўринишади. Масалан, охирги уч ўйинда «Бавария» фақат бир марта ғалаба қозонган, бир дуранг ва бир мағлубият қайд этилган.

«Селтик»га қарши ўйинда Ҳарри Кейн жароҳат олди ва бир неча ҳафта ўйинларда майднга туша олмаса керак. Ҳужумчидан ташқари Дайот Упамбеканода зўриқиш борлиги айтилмоқда ва бу ўйинда майдонга тушиши сўроқ остида. Меҳмонлар таркибида эса Эбимбе, Кох ва Матановичдан ташқари «Бавария»нинг собиқ футболчиси Марио Гётце ҳам «Айнтрахт»га ёрдам бера олмайди.

МАНЧЕСТЕР СИТИ – ЛИВЕРПУЛ (23 феврал, 21:30)

«Манчестер Сити» «Нюкасл» билан ўйинда гўёки бизни ўша эски жамоани эслатган ва анча ишончли ғалабага эришганди. Аммо Мадриддаги ўйин аксини исботлади – жамоада муаммолар анча чуқур ва бу сафар Гвардиола мавсум давомида барчасини ўнглай олмайди. Назаримизда энди у даражада ўнглаш ҳам шарт эмас, зеро Чемпионлар Лигасида кураш тўхтатилгач, «Манчестер Сити» энди фақат АПЛда кучли бешлик учун курашиши ёки Англия кубогини қўлга киритишга уриниб кўриши мумкин холос.

«Ливерпул»да эса мақсадлар жиддий. Слот шогирдлари Чемпионлар Лигасидаги курашни давом эттириш билан бирга Англия чемпионатида ҳам чемпионлик юришини давом эттиради. Сўнгги турдаги «Астон Вилла» майдонидаги дуранг сал бўлса-да, чемпионатда интригани қайтаргандек бўлди. Чунки ҳозирда йўқотилган очколар бўйича «Арсенал» билан фарқ атиги 5 очкони ташкил қилмоқда. Кейинги икки турни «Ливерпул» «Манчестер Сити» ва «Нюкасл»га қарши ўтказишини эътиборга олсак, мабодо Слот жамоаси очко йўқотадиган бўлса фарқ минималлашади. Ҳали олдинда «Арсенал» билан ўзаро ўйин ҳам бор, демак агар лондонликлар панд ейишмаса, чемпионлик масаласи кўпчилик тахмин қилганидек эрта якунланмаслиги мумкин.

Абдуқодир Ҳусанов Мадриддаги ўйиндан кейин камида яқин давр учун асосий таркибдаги ўрнини эгаллади деб бемалол айта оламиз. Биринчидан, у «Реал»га қарши қанотда тўп суриб, худди Кайл Уокер каби бу позицияда ҳам муваффақиятли бўла олишини исботлади. Иккинчидан, Жон Стоунзнинг жароҳат олиб узоқ муддатга сафдан чиқиши, шундоқ ҳам етишмовчилик бўлган «Манчестер Сити» ҳимоясига муаммо туғдирди. Гвардиола энди ихтиёридаги бор ҳимоячилардан асосий таркибда фойдаланишга мажбур бўлиб қолади. Ҳусанов эса айниқса, «Ливерпул» каби қанотларга урғу берадиган ва тезкор ҳужум қиладиган рақибларга қарши самарали қурол бўлишини кўрдик. Винисиусдан кейинги қурбон Луиш Диас бўлиши мумкин.

Йўқотишлар албатта, меҳмонлар таркибида ҳам бор. Сўнгги пайтларда энг яхши формага чиқа бошлаган Коди Гакпонинг иштироки ҳали ҳам сўроқ остида қолмоқда. Шунингдек, Гомес ва Брэдли каби ҳимоячилар ҳам шерикларига ёрдам бера олишмайди.

«Манчестер Сити»нинг турнир жадвалидаги ўрни кўпроқ сафар ўйинларидаги муваффақиятсизликлар эвазига эканини ҳам таъкидлаш мумкин. ЎЗ майдонидаги натижалар бўйича «Сити» деярли «Ливерпул» даражасида – 12 ўйиндан 8 тасини ўз фойдасига ҳал қилган. «Ливерпул» эса сафарда ҳали бу мавсум мағлубиятга учрагани йўқ. 14 ўйиндан 9 ғалаба ва 5 дуранг. Ўзаро ўйинларда эса сўнгги пайтларда «Ливерпул»да устунлик кузатиляпти. Биринчи даврада «Энфилд»даги ўйин 2:0 ҳисобида мезбонларнинг ишончли ғалабаси билан тугаган бўлса, ундан аввалги икки ўйин, жумладан Манчестердаги учрашув ҳам 1:1 ҳисобида якунланганди.

ГАЛАТАСАРОЙ – ФЕНЕРБАХЧЕ (24 феврал, 22:00)

Муслера, Санчес, Лемина, Мартенс, Торрейра, Осимҳен, Амрабат, Фред, Тадич, Жеко, Сент Максимен, Эн-Несири, Талиска – агар бу футболчилар ҳатто Англия чемпионатида бир ўйинда жамланишса ҳам, албатта, эътиборга арзийдиган юқори афишали тўқнашув бўларди. Агар бу Туркия чемпионатининг энг буюк икки клуби ўртасида, ўша биз биладиган муҳит остида, яна чемпионлик учун аҳамият касб этадиган тўқнашув бўлса, қўяверасиз. Бу ўйинни ўтказиб юбориб бўлмайди.

«Галатасарой» ва «Фенербахче» ўртасидаги айни пайтдаги фарқ 6 очкони ташкил қилмоқда. Яъни агар Моуриньо шогирдлари сафар ўйинида устун келишса, рақибига 3 очкогача яқинлашиб олади – бу чемпионлик интригасининг янада чўққига чиқишини англатади. «Фенербахче» сўнгги беш йилда Туркия чемпионатида энг кўп очко тўплаган, аммо ҳар йили кимгадир чемпионликни бой бераверганидан айнан бу масалада стратегик ёндашадиган мураббийни олиб келишганди. Табиийки, Моуриньо ниманидир ўзгартириши шарт, яъни бу сафарги кураш аввалгиларидан фарқ қилиши лозим камида. «Фенербахче» ўтган мавсумда 99 очко жамғаришга муваффақ бўлган – бу натижа билан исталган бошқа мавсумда ёки бошқа чемпионатда жамоа чемпион бўлиши керак. Аммо «Галатасарой» 102 очко тўплаб, чемпионликни илиб кетганди. Агар Моуриньо чемпионлик пойгасини эрта якунласа, футбол жамоатчилигида босим янаям ортиб кетиши шубҳасиз.

Айниқса, сўнгги пайтларда ҳакамлар билан боғлиқ жанжаллар, «Адана Демирспор»нинг «Галатасарой»га қарши ўйинни якунламасдан майдондан чиқиб кетиши билан боғлиқ воқеалар бу ўйин аҳамиятини янада ошириб юборади. Бутун Туркия, ҳатто футболга қизиқмайдиганлар учун ҳам эътибор марказидаги ўйин бўлиши шубҳасиз.

Бундан ташқари, «Галатасарой» ҳафта ўртасида Европа Лигасидан чиқиб кетди. «АЗ Алкмаар» жамоасига қарши ўйинда керакли ҳисобни қайд эта олмади. «Фенербахче» эса бу босқичдан ўтиб, нимчорак финалга чиқди. Мана шу фактор ҳам мезбонларга мухлислар олдида ўзини оқлаш учун қўшимча фактор бўлиб ҳизмат қилади. Шунингдек, «Галатасарой» ушбу мавсум Туркияда ҳали мағлубият нималигини билмай келаётганини ҳам таъкидлаш лозим. «Фенербахче» икки марта ютқазган, улардан бири биринчи даврада айнан «Галатасарой»дан эди. Бу майдондаги охирги ўйинда эса ўтган мавсумда «Фенербахче»бир киши кам бўлиб ўйнашига қарамасдан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонганди. Гол муаллифи бу сафарги дербида жароҳати туфайли қатнаша олмайдиган Чағлар Суюнжи томонидан урилганди.

Суюнжидан ташқари меҳмонлар сафида дарвозабон Ливакович ўйнай олмайди. У машғулотларга қайтган бўлса-да, катта эҳтимол билан асосий таркибда тушишга тайёр эмас. «Галатасарой» эса Мората ва Икарди каби ҳужумчиларнинг ёрдамидан фойдалана олмайди. Шунингдек, Юнус Акгун ҳам яна камида бир ҳафта майдонга туша олмайди.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

22 феврал. Эвертон – МЮ (17:30), АРСЕНАЛ – Вест Ҳэм (20:00), Ипсвич – ТОТТЕНҲЭМ (20:00), Торино – МИЛАН (22:00), Валенсия – АТЛЕТИКО (22:30), БОРУССИЯ Д – Унион Берлин (22:30), ИНТЕР – Женоа (23 февралга ўтар кечаси, 00:45), Лас Палмас – БАРСЕЛОНА (23 февралга ўтар кечаси, 01:00)

23 феврал. РЕАЛ – Жирона (20:15), Эмполи – АТАЛАНТА (22:00), Кальяри – ЮВЕНТУС (24 февралга ўтар кечаси, 00:45) Лион – ПСЖ (24 февралга ўтар кечаси, 00:45)

24 феврал. РОМА – Монца (25 февралга ўтар кечаси, 00:45).

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар