21.02.2025 16:50
1739
Теглар
Суперлига 1-тур баҳсларининг бошланиш вақтлари эълон қилинди — «Пахтакор»нинг ўйини қолдирилди

ПФЛ Суперлига янги мавсумининг 1-тур ўйинларининг бошланиш вақтларини эълон қилди. 

Элит ОЧЛда 1/8 финалга чиққан ҳамда 4 ва 11 март кунлари «Ал Ҳилол» билан баҳс юритадиган «Пахтакор»нинг ўйини қолдирилди. 

«7 март куни Суперлиганинг янги мавсуми старт олади. Беллашувлар Спорт ТВ ҳамда Футбол ТВ каналлари орқали телетрансляция қилинади. 

Лига ҳозирга қадар дастлабки икки тур саналарига аниқлик киритган бўлиб, март ойидаги ФИФА кунларидан кейинги расмий учрашувлар санаси Ўзбекистон кубогининг гуруҳ босқичига қуръа ташланганидан сўнг эълон қилинишини маълум қилинганди.

«Пахтакор» халқаро майдондаги юришини давом эттириши аниқ бўлгач, унинг 2-турдан ўрин олган ОКМК клубига қарши беллашуви 16 март куни ўтказиладиган бўлди. Қайд этиш керак, Тошкент клуби ОФК Элит Чемпионлар лигасининг 1/8 финали доирасида 4 март куни Саудия Арабистонининг «Ал Ҳилол» клубини қабул қилади. Жавоб учрашуви 11 март куни Риёд шаҳрида ўтказилади. 

Лига режасига кўра, «Пахтакор» 7-март куни «Машъал»га қарши учрашув билан Суперлига илк турини бошлаши лозим эди. Бироқ «Ас Садд» билан ўйин якунига етгач, клуб «Ал Ҳилол»га қарши ўйинлар режасини ишлаб чиқди ва унга жиддий тайёргарлик кўриш мақсадида Лигага мурожаат қилиб, Суперлига дастлабки турини бошқа санага қолдиришни сўради. Лига ўтган йилнинг октябр ойида ишлаб чиқилган тақвим режада бунинг эҳтимолини инобатга олган бўлиб, апрел ойининг дастлабки саналарини захира куни сифатида белгилаганди. Шундан келиб чиқиб, «Пахтакор» клубининг сўрови қаноатлантирилди.

Шу тариқа Суперлига янги мавсуми 7-март куни ОКМК — «Бухоро» ўйини билан старт оладиган бўлди. 8-9 март кунлари бўлиб ўтадиган «Қизилқум» — «Сурхон» ҳамда «Хоразм» — «Шўртан» учрашувлари нейтрал майдонда ўтиши ва бунда ҳар тўрт жамоа футболчиларининг сафарда бўлиши инобатга олиниб, ўйин вақтлари белгиланди. Лига вақт белгилашда барча учрашувлар жонли телетрансляция қилиниши масаласини ҳам инобатга олди», — деб ёзади ПФЛ матбуот хизмати.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар