Ўзбекистон ёшлар жамоаси ҳужумчиси Саидумар Саиднуруллаев Осиё Кубоги U-20 3-туридан ўрин олган Эрон билан ўйин олдидан ўз фикрларини билдирди.
«Эртага бизни яхши ўйин кутиб турибди. Биринчи вазифани бажардик — гуруҳдан чиқдик. Лекин 3-турда ҳам ғалаба қозониб 1-ўрин билан гуруҳдан чиқишни мақсад қилганмиз. Эртага ғалаба учун майдонга тушамиз.
Мураббийларимиз билан рақибни ўрганиб чиқдик, Эрон билан ҳар ўйинда рақобат бўлган. Иккала жамоа ҳам чоракфиналган чиққан бўлса-да, менимча, бу аҳамиятсиз. Чунки улар ҳам, биз ҳам фақат ғалаба учун майдонга тушамиз. Яхши рақиб, лекин бизда ҳам ўз режамиз бор.
Чоракфинал ва эҳтимолий рақиблар? Ҳозир бор эътиборимиз эртанги ўйинга қаратилган. Эрон билан баҳсдан кейин чоракфинал ҳақида ўйлаймиз. Ўз олдига мақсад қўйган жамоага рақиб ким бўлишининг аҳамияти йўқ, биз ўз ишимизни қиламиз ва ғалаба қозонишга уринамиз», — дея «Пахтакор» форвардининг сўзларини келтиради ЎФА матбуот хизмати.
Ўзбекистон — Эрон баҳси эртага, 19 феврал куни бўлиб ўтади ва Тошкент вақти билан 16:30да бошланади. Ҳар икки жамоа чоракфиналга чиқиб бўлган ва бўлажак ўйин гуруҳ ғолибини аниқлаб беради.