Элит ОЧЛнинг сўнгги туридан аввалги матбуот анжуманида «Пахтакор» бош мураббийи Педру Морейра ва футболчи Умар Адҳамзода иштирок этди.
«Барчага хайрли кун. Бизни жуда муҳим ўйин кутмоқда. Мақсадимиз жамоанинг ушбу мусобақадаги икки учрашуви орқали барчасини кўздан кечириб олиш эди. Ғалаба қозонган тақдиримизда бизда имконият сақланиб қолади. Шунга ҳаракат қиламиз. Рақиб ҳужумкор футбол кўрсатади, жуда яхши шаклланган жамоа. Бир ойдан ортиқроқ машғулотларда ишлаганларимизни эртага кўрсатишга интиламиз.
Олдимизда турган ўйин ҳақида ўйлашимиз лозим. Зафар қучсак, кейин бошқа нарсалар тўғрисида ўйлаймиз. Бизни Элит лигадан ташқари Ўзбекистон чемпионатида ҳам қизиқарли мавсум кутмоқда.
Рақибда расмий ўйин амалиёти борлиги уларга қўл келади. Мавсум давом этаётган ҳолатда майдонга тушиш яхши. Лекин биз ҳам кўп нарсаларга қодирмиз. Футболчилар ҳам буни ҳис этиб боришмоқда. Жамоа сифатида аста-секин кучайиб боряпмиз.
Учрашувга жуда кўп нарсалар таъсир қилиши мумкин. Катта иштиёқ билан ўйнасак, кўп нарсани уддалай оламиз. Ўйиндаги турли вазиятларга тайёр бўлишимиз керак.
Мухлисларни стадионда кўришдан хурсанд бўламиз ва уларга яхши кайфият тақдим этишга уринамиз. Биз бир оилага айланишимиз лозим», - деди португалиялик мутахассис.
«Эртанги беллашувда ғалабага эришиб, мухлисларни хурсанд қилишга уринамиз. Тайёргарлигимиз кўнгилдагидек бўлди деб ўйлайман. Ўз ўйинимизни намойиш этишимиз керак. «Садд»ни ўрганиб чиқдик. Уларга қарши олдин ҳам ўйнаганмиз.
Клаудиниога қарши ўйнашга алоҳида тайёрланмадик. Рақибда юқори савияли футболчилар кўп. Жамоавий ўйинга эъиибор қаратган ҳолда баҳсга ҳозирлик кўрдик», - дейди Умар Адҳамзода.
Маълумот учун, учрашув 17 феврал куни соат 19:00да «Жар» стадионида бошланади.