Франция миллий жамоаси собиқ яримҳимоячиси, 1998 йилги жаҳон чемпионати ғолиби Эммануэл Пети «Манчестер Сити» 40 млн еврога сотиб олган ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов ҳақида гапирди.
«Абдуқодир Ҳусанов жуда тезкор. Хўш, бу ортиқча ваҳимали трансферми ёки яхши шартнома? Менимча, бу — «Сити» томонидан ақлли шартнома, чунки бу йигит истеъдодли.
«ПСЖ» ҳам уни хоҳлаганди. Айрим клублар шундай ишлайди. Унинг «Ланс»га ўтиши менга «Брентфорд» ёки «Брайтон»нинг иш услубини эслатди. Қаердандир нотаниш ўйинчини олиб келишади ва улар бирданига юлдузга айланади. Ҳусанов ва «Ланс» билан айнан шундай бўлди.
«Ланс»га пул кераклигини биламан. Улар иқтисодий муаммолар билан курашмоқда. Шунинг учун улар Самбани ҳам сотишди, менимча, у — Франциянинг энг яхши дарвозабони.
Ҳусанов жуда тез, дуэлларда кескин ва кучли. У — ҳужумчилар учун даҳшатли туш.
Бу йигит шундай ғазаб билан ўйнайдики, майдонда ҳаммани уришни истайди, чунки у камбағал мамлакатдан келган. У бу мавсумда «Ланс»да ўзига хос номга эга бўлди.
Ҳусанов энг юқори савияда ўйнай олишини билади. Унинг мотивацияси тўхтамади. У ҳар қандай клуб учун жуда яхши трансфер бўларди, чунки у — сифатли ва юқори даражадаги ҳимоячи бўла олади. Унинг сифатлари, юқорида айтганимдек, жанговарлик, ҳаракатни тушуниш, шу билан бирга тезлик», — дейди Пети