2025 йил 22 феврал куни Ўзбекистон футбол ассоциацияси президентлигига сайлов бўлиб ўтади.
ЎФА матбуот хизматининг маълум қилишича, ташкилот аъзолари ДХХ раиси Баҳодир Қурбоновни президентликка асосий номзод сифатида илгари суришган.
«Жорий йилнинг 20 январ куни ЎФА томонидан ўз аъзоларига президентлик лавозимига номзодлар бўйича ўз таклифларини юборишларини сўраб мурожаат қилинган. ЎФА расмий электрон почтасига келиб тушган номзодлар тўғрисидаги маълумотлар ЎФА Сайлов қўмитаси томонидан Ўзбекистон футбол ассоциацияси Устави ва Сайлов кодексига мувофиқ текширилиб, ЎФА Уставининг 30-моддасига асосан, Конгрессдан 30 кун олдин ЎФА Котибиятига тақдим этилди.
ЎФА Уставининг 33-моддасига кўра, ЎФА аъзолари навбатдан ташқари сайлов Конгрессининг ўтказилиш жойи ва кун тартиби тўғрисида Конгресс ўтказилишидан камида 10 кун олдин хабардор қилиниши лозим. Шу муносабат билан Конгресснинг ўтказилиш жойи ва кун тартиби 2025 йил 12 феврал куни барча аъзоларга етказилиши белгиланган.
Шунингдек, ЎФА Сайлов кодексининг 11-моддасида номзодларнинг расмий рўйхати тўғрисидаги маълумотлар матбуотда ҳам эълон қилиниши зарурлиги келтирилган бўлиб, ЎФА аъзолари томонидан Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти лавозимига Қурбонов Баҳодир Низомович номзоди илгари сурилди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон футбол ассоциацияси навбатдан ташқари сайлов Конгресси 2025 йилнинг 22 феврал куни ЎФА биносида бўлиб ўтиши маълум қилинади», — деб ёзади ЎФА матбуот хизмати.