«Манчестер Сити» ҳимоячиси Рико Люис Абдуқодир Ҳусанов клуб сафидаги илк голини расман киритганидан мамнун эканлигини билдирди.
Англия кубоги 1/16 финалида «Сити» сафарда «Лейтон Ориент» устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Иккинчи бўлимда Рико Люис йўллаган зарба Ҳусановга тегиб йўналишини ўзгартирди ва дарвозадан ўрин олди.
«Гол Ҳусановга ёзилди ва ростини айтсам, бу мени хурсанд қилди», – деди Люис ўйиндан кейин «City TV» га берган интервюсида.
«Унинг хурсанд бўлиши мени ҳам хурсанд қилади. У жамоага қўшилганида бироз қийинчиликка дуч келди, аммо бугунги ўйинда у жуда яхши ҳаракат қилди. У ўйинни ўқий олади ва узун пасларни яхши етказади.
Гарчи бу гол унга ёзилган бўлса ҳам, мен ўзимга ассистни ҳисоблайман. Ҳа, мен у учун хурсандман!», - дейди 20 ёшли англиялик футболчи.