08.02.2025 16:29
1644
«Реал» «Атлетико»га қарши, «Манчестер Сити» нимчоракфинал йўлланмаси учун курашади. Ҳафта ўйинлари анонси

Келаси ҳафта еврокубоклар бошланиши муносабати билан аксарият топ-клублар кечадан ўз ўйинларини бошлаб юборишди. «Ювентус», «ПСЖ» ва «Бавария» ўз ўйинларини ғалаба билан якунлашди. Бугундан эса Англияда кубок ўйинлари давом этса, ярим кечаси куннинг марказий ўйини – Мадрид дербиси бизни кутиб турибди.

ЛЕЙТОН ОРИЕНТ – МАНЧЕСТЕР СИТИ (8 феврал, 17:15)

Албатта, ким билан ўйнашидан қатъи назар «Манчестер Сити»нинг ўйинлари эътиборимиз марказида бўлади. Агар «Манчестер Сити» ҳимоячилари билан ҳаммаси жойида бўлганида, балки Ҳусановнинг дебюти айнан шу учрашувга тўғри келиши мумкин эди.

Бугунги ўйинда Абдукодирнинг асосий таркибда тушиш эҳтимоли юқори эди. Айни пайтда марказий ҳимоячилардан Рубен Диаш ва Натан Аке тўлиқ тикланиб улгургани йўқ. Бу футболчилар қайтган тақдирда ҳам, Гвардиола «Лейтон»га қарши тушириб, риск қилмаса ҳам керак. Келаси ҳафтада «Реал»га қарши Чемпионлар Лигасидаги муҳим ўйин кутиб турганини эътиборга олсак, Аканжи ва Стоунзларни ҳам ўша ўйинга асрашга ҳаракат қилинади. Шу томондан олиб қараганда, бугун майдонда Ҳусанов – Рейс жуфтлигини кўришимиз тахмин қилинганди. Абдуқодир шундай ўйинлар орқали жамоага мослашмаса, қачон мослашади?

Бошқа тарафдан, Ҳусановнинг бу ўйинга тушмаслиги ҳам қандайдир ижобий тахминларга йўл очиши ҳам мумкин. Маълумки, клуб уни Чемпионлар Лигаси қайдномасига киритди. Бугунги ўйинда асосий таркибда тушмайдиганлар катта эҳтимол билан «Реал»га қарши ўйнаши мумкинлигини тахмин қилсак, Ҳусанов ўша ўйинга асралмоқда, деган хулоса ҳам пайдо бўлиши мумкин.

Бевосита рақибга тўхталадиган бўсак, «Лейтон Ориент» шарқий Лондон жамоаси бўлиб, Англияда учинчи лига саналмиш «Лига 1»да тўп суради. Ўтган мавсумда 11-ўринни эгаллаган бўлса, айни дамда ҳам ўрта поғоналарда бормоқда. Уй ўйинларини 9 минг кишига мўлжалланган стадионда ўтказади. Англия кубоги аввалги босқичида Чемпионшип жамоаси «Дерби Каунти»ни пеналтилар серияси ёрдамида мағлуб этган.

РЕАЛ – АТЛЕТИКО (9 февралга ўтар кечаси, 01:00)

Шубҳасиз, Мадрид дербиси ушбу дам олиш кунлари Европада энг марказий ўйин деб бемалол айтиш мумкин. Ҳозирда Ла Лига турнир жадвалини бошқариб турган икки жамоа пешқадамлик учун кураш олиб боради. Дуранг ҳам ҳар икки жамоани қониқтирмаса керак, зеро ортдан «Барселона» клуби ҳам қувиб келаётганини унутмаслик керак.

Тан олиш керак, дерби «Реал» учун ўта ноқулай даврга тўғри келмоқда. Рақибидан фарқли равишда «Реал»да келаси ҳафта Чемпионлар Лигаси кейинги босқичига чиқиш учун «Манчестер Сити» уйига сафар кутиб турибди. «Атлетико» умумий жадвалда кучли саккизликдан жой олгани учун аллақачон нимчорак финал иштирокчисига айланиб, ўз рақибини кутмоқда. Бунинг устига «Реал» ҳамон жароҳатлар гирдобидан чиқиб кета олмаяпти. «Мен ҳам Валвердени ёки Чуаменини яримҳимояда ўйнатишни хоҳлайман, аммо айни дамда бор ресурслар билан ўйнашга мажбурмиз» – деди ўйиндан аввалги матбуот анжуманида Карло Анчеллотти.

Ҳақиқатан ҳам «Реал»нинг айниқса ҳимоя чизиғида йўқотишлар кўп. Милитао ва Карвахал мавсум охиригача сафдан чиққани етмагандек, Давид Алаба ва Антони Рюдигер ҳам жароҳат олишган ва салкам бир ой вақт мобайнида «Реал»га ёрдам бера олишмайди. Бу бир ой эса барча мусобақалар нуқтаи назаридан жуда муҳим палладир. Натижада ҳимоя чизиғида гоҳ Чуамени, гоҳ Валверде, шунингдек, Асенсио каби ёш футболчилар тушишга мажбур бўлишмоқда.

«Атлетико»да тескари ҳолат, жароҳатланганлар деярли йўқ ва бутун мавсум мана шундай давом этиб келмоқда. Бунга қайсидир маънода Симеоненинг ротацияси ва ўйинларда кучни тўғри тақсимлаётгани ҳам сабаб бўлса керак. Ушбу учрашувга фақат Робин ле Норман туша олмайди. У ҳам жароҳат туфайли эмас, ўтган турдаги сариқ карточка туфайли лимитга етиб борилгани учун дисквалификацияга учраган.

«Реал» ўз майдонидаги ўйинларда анча ишончли ҳаракат қилаётганини ҳам таъкидлаш керак. Мадридликлар фақат «Барселона»дан мағлуб бўлишди ва қолган ҳамма ўйинни ўз фойдасига ҳал қилган. Шу ўринда «Атлетико» ҳам кўпроқ уй жамоаси эканини айтиш мумкин. Сафарда ўтказилган 10 ўйиннинг ярмида Симеоне жамоаси ғалаба қозонишнинг уддасидан чиқмаган. Рақибларнинг сўнгги 4 ўйини эса дуранг билан якунланган. Испания чемпионати доирасидаги икки ўйин бир хил – 1:1 ҳисобида якунланган бўлса, ундан аввал Қироллик кубоги ва Суперкубокда тўқнаш келишган – ҳар икки ўйин асосий вақти дуранг билан тугаб, қўшимча вақтларда бир марта «Реал» (5:3), бир марта эса «Атлетико» (4:2) устун келган.

Дарвоқе, «Реал» ва «Атлетико»нинг ўзаро баҳси шу билан мавсумда тугамаслиги мумкин. Ҳозирда ҳар икки жамоа Испания кубоги яримфиналига чиқишди ва балки қуръа уларни ушбу босқичда, агар жамоалар учун омадли келса финалда рўпара қилиши мумкин. Бундан ташқари, агар «Реал» манчестерликлардан ўтиб, Чемпионлар Лигаси нимчорак финалига чиқадиган бўлса, ушбу босқичда ё «Байер» ёки «Атлетико»га қарши тўп суради.

БРАЙТОН – ЧЕЛСИ (9 февралга ўтар кечаси, 01:00)

Бу ҳафта Англияда Премьер Лига ўйинлари ўтказилмаётган бўлса-да, мамлакат кубоги навбатдаги босқичида ҳам бир қатор қизиқарли жуфтликларни кўришимиз мумкин. «Тоттенҳэм»нинг «Астон Вилла»га сафари ҳам қизиқ бўлади, албатта, «Брайтон»даги ўйин ҳам мухлислар эътиборида турса керак.

Сабаби, ҳар икки жамоа мавсумни жуда яхши бошлаган, ўйинда ўз чизгиларига эга бўлса-да, сўнгги пайтларда бироз омади юришмаётганлардир. «Челси «бир муддат ҳатто «Ливерпул»нинг энг яқин таъқибчисига ҳам айланган, баъзилар чемпионлик амбициялари ҳақида ҳам ёза бошлаганди. Аммо сўнгги ойлар Мареска шогирдлари учун жуда омадсиз келди – Премьер Лигаси доирасида лондонликлар охирги 8 ўйиннинг атиги 2 тасини ўз фойдасиига ҳал қилди холос. «Брайтон»нинг эса бир қатор йўқотишлардан ташқари, барча муваффақиятсизликлар яна бир мудҳиш учрашувга жо бўлганини айтиш керак – «Брайтон» кутилмаганда Ноттингемда 0:7 ҳисобида мағлубиятга учради. Албатта бу ерда «Ноттингем»га омад ҳам кулиб боққани, 9 аниқ зарбадани 7 таси голга айланганини ҳам эслаш мумкин, аммо барибир Хюрцеларнинг бироз очиқ услубни танлаши ҳам панд бергани бор гап. Ушбу ўйиндан олдин жамоа ўз уйида «Эвертон»га ҳам мағлуб бўлганини эътиборга олсак, ўз мухлислари олдида вазиятни ўнглаш шарт.

Қизиқ томони, бир ҳафта ўтиб яна худди шу рақиблар яна бир бор, энди АПЛ доирасида беллашадилар. Биринчи даврадаги мазкур жамоалар тўқнашуви 4:2 ҳисобида «Челси» фойдасига ҳал бўлган, ўйин Коул Палмернинг покери билан ёдда қолганди. Умуман барча мусобақалар доирасида сўнгги тўрт ўйинда «Челси»нинг қўли баланд келмоқда. Жамоалар ўртасидаги охирги 20 ўзаро ўйинда «Брайтон» атиги уч марта ғалаба қозонган холос. 11 учрашув «Челси»нинг ғалабаси билан якунланган.

Жароҳатларга келсак, мезбонларда йўқотишлар жуда ҳам кўп, Биз «Тоттенҳэм» ёки «Манчестер Сити»даги жароҳатларга кўп урғу берамиз, сабаби жароҳатланган футболчилар етарлича машҳур. Аммо «Борнмут», «Брайтон» каби жамоалар ҳам жароҳатлар гирдобида тўп сураётганини, йўқотилганларнинг ўрни таркибда кам эмаслигини ҳам эътиборга олиш керак. Балеба, Кадиўғли, Милнер, Игор, Вифер, Эстипуниян, Марч, Аяри – буларнинг ҳар бири асосий таркиб футболчилари, камида ротацияда ёки захирадан тушиб ўйинга таъсир қилиши мумкин бўлган номлар. «Челси»да эса Фофана ва Лавиядан ташқари, Николас Жексонда ҳам кичик жароҳат бор ва ушбу ўйинда шерикларига ёрдам бериши сўроқ остида қолмоқда.

СЕВИЛЬЯ – БАРСЕЛОНА (10 февралга ўтар кечаси, 01:00)

«Севилья» сўнгги йилларда умуман ўзига кела олмаётган, «Барселона»ни Ла Лига доирасида салкам ўн йилдан бери мағлуб эта олмаётган бўлса-да, бу жамоалар афишаси доим кишини ўзига жалб қилади, барибир нимадир содир бўлиши мумкинлигига доир кутилмалар бўлади. Айниқса, «Севилья» майдонининг ўзига хос аураси, айниқса, топ-клублар учун ноқулайлиги билан ҳам танилган. Турнир нуқтаи назаридан бирор мақсади қолган клуб эса айнан мана шундай ўйинларда бор имкониятини ишга солиш орқали бутун Европани ўзига қаратади, мухлисларга керакли эмоцияларни тақдим этади. Сўнгги йилларда «Севилья» айнан мана шундай алоҳида ўйинлар учун яшаётгандек.

Биринчи даврадаги ўйин «Барселона»нинг 5:1 ҳисобидаги ғалабаси билан тугаган бўлса-да, айнан уй ўйинларида юқорида айтилганидек «Севилья» муносиб қаршилик кўрсата олади. Масалан, ўтган мавсумдаги ўйин меҳмонларнинг кичик ҳисобидаги ғалабаси билан тугаган, аммо ўйинда устунлик «Севилья» томонида бўлганди. Ёки мисол учун «Севилья»нинг «Атлетико»га қарши ушбу мавсумдаги ўйини ҳам кўпчиликнинг ёдидан чиқмайди – учрашувда андалуслар сафарда тўп сурганига қарамасдан, 3:1 ҳисобида олдинда боришган, фақат ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтдаги гол ҳисобига мезбонлар 4:3 ҳисобида ғалабани илиб кетганди.

«Барселона»га келсак, орадаги бир омадсизликдан сўнг яна ғалабали йўлга тушиб олди. Жамоа қаторасига 10 учрашувдан бери мағлубиятга учрагани йўқ, яна жула кўп гол уряпти, мана шу 10 ўйиннинг ярмида йирик ҳисобда ғалаба қозонди, тўрт марта 5+ гол уришга муваффақ бўлди. Барча мусобақалардаги сўнгги 5 ўйинда 20 марта рақиб дарвозаси ишғол қилинди. Ҳозирда Флик шогирдлари «Реал»дан 4, «Атлетико»дан 3 очко ортда боришяпти. Бу турда икки пешқадам ўзаро баҳслашини инобатга олсак, «Барселона»да улардан бирига, балки иккаласига ҳам яқинлашиб олиш имконияти бор.

Умуман олганда аслида «Барселона» Ла Лигада энг яхши ўйин кўрсатаётгани ҳам статистик кўрсаткичлар ҳам кўрсатиб турибди. Агар яратилган ва рақибга берилган имкониятлар бўйича ўлчанганда, «Барселона» етарлича фарқ билан яққол пешқадам бўлиб турганини таъкидлаш лозим. Фақат жамоада реализация бўйича муаммолар бор, айнан мана шу фактор ҳозирда «Барселона» пешқадам эмас, 3-ўринда турганини ифодалайди.

Жароҳатлар борасида, «Барселона» таркибига яқин кунларда Кристиансеннинг тикланиб қайтиши кутилмоқда. Гавининг жароҳати ой охиригача давом этади, катта эҳтимол у Чемпионлар Лигаси муҳим ўйинларига қадар тўлиқ тикланса керак. Мезбонлар таркибида эса Адамс, Локонга, Кармона, ҳамда Куассилар турли даражадаги жароҳатлар туфайли ушбу учрашувда қатнаша олмайди.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

8 феврал. Верона – АТАЛАНТА (19:00), БОРУССИЯ Д – Штутгарт (19:30), Эмполи – МИЛАН (22:00), Бирминҳэм – НЮКАСЛ (22:45)

9 феврал. Плимут – ЛИВЕРПУЛ (20:00), АСТОН ВИЛЛА – ТОТТЕНҲЭМ (22:35), НАПОЛИ – Удинезе (10 февралга ўтар кечаси, 00:45).

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар