Антуан Гризманн Ла Лигадаги ҳакамлар билан боғлиқ можаролар ҳақида ўз фикрини билдириб, клублардан ҳакамларга босим қилишни тўхтатишни сўради.
«Менимча, бу ахмоқликни тўхтатишимиз керак. Ҳа, бу айнан ахмоқлик. Бу масала кўпроқ журналистларга ҳам боғлиқ. Агар сиз ҳеч нарса демасангиз клублар ҳам баёнот бермайди ва буни муҳокама қилишмайди, шу билан ҳакамларга босим йўқолади.
Ҳозирга келиб эса ҳар қандай ҳакам стадионга қўрқувда келмоқда, хато қилиб қўйишдан қўрқа бошлашди. Ҳакамлар уларнинг ҳар бир ҳаракати жиддий муҳокамага сабаб бўлаётганидан босим остида қолган. Улар ўйинга бундай ҳолатда келишлари тўғри эмас. Уларни тинч қўйишимиз лозим, ҳакамлар бизга майдонда бардош бераётгани етарли, майдон ташқарисида ҳам доим босимда бўлиши яхши эмас.
Бу ишлар ортидаги айбдор – клублар, президентлар, журналистлар... Тушунинг, ҳакамлар бу ахмоқликдан чарчадилар», – деди «Атлетико» форварди Гризманн Movistar Plusга берган интервюсида.
Аввалроқ, «Реал» «Эспанёл»га қарши ўйиндаги мағлубиятдан (0:1) кейин ҳакамлар қўмитаси тизимини тўлиқ янгилашга чақирганди.