«Реал»нинг ўйинини бошқарган ҳакамлар вақтинча четлатилди.
Эслатиб ўтамиз, Мадрид клуби Ла Лиганинг 22-турида «Эспанёл»га (0:1) ютқазди. Беллашувдан кейин мағлуб жамоа Испания қироллик футбол федерациясига (RFEF) ҳакамлик юзасидан расмий шикоят йўллаганди.
Бош ҳакам Алехандро Мунис Руис қарши ҳужумда «Реал» форварди Килиан Мбаппени ортдан «подкат» ташлаб тўхтатган каталонияликлар ҳимоячиси Карлос Ромерога сариқ карточка кўрсатгани танқид қилинганди, аслида қизил карточка берилиши борасида мунозаралар бўлганди.
Шунингдек, Виниуснинг 21-дақиқадаги голи Мбаппе рақиб яримҳимоячиси Пол Лосанони итариб юборгани учун бекор қилинганди.
3 феврал куни Испания ҳакамлари уларни бошқарадиган техник қўмита билан учрашувда бўлишган ва унда хатолар таҳлил қилинган. Якунда 10 ҳакам вақтинча четлатилган, улар орасида «Эспанёл» — «Реал» баҳсини бошқарган Алехандро Мунис Руис ва унга VARʼда ёрдамлашган Хавер Иглесиас Вилянуэва ҳам бор.