Шахмат бўйича Tata Steel Challengers 4-тури доирасида Нодирбек Якуббоевнинг ҳиндистонлик шахматчи қиз Вайшали Рамешбабуга қарши баҳс олдидан унга қўл узатмагани ижтимоий тармоқларда турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлди ва ўзбекистонлик шахматчи бу борада баёнот берди.
«Қадрли шахматчи-дўстлар! Вайшалига қарши партия олдидан юзага келган вазиятга изоҳ бермоқчиман. Аёллар ва ҳинд шахматчиларига ҳурматни сақлаган ҳолда шуни маълум қиламанки, эътиқодимдан келиб чиққан ҳолда бегона аёллар билан қўл бериб кўришмайман.
Мен Вайшали ва унинг акаси қаторида барча ҳиндистонлик шахматчиларни ҳурмат қиламан. Агар бу ҳаракатим орқали уни ноқулай вазиятга қолдирган бўлсам, бунинг учун узр сўрашга тайёрман.
Мен ўзим тўғри деб билган ишни қиламан. Бу ҳаракатим орқали барча шундай қилиши керак деб ҳисобламайман, бу ҳамманинг ўзига ҳавола бўлган танловидир», — дея ёзади Нодирбек Якуббоев ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида.