Ўзбекистон футбол ассоциацияси Темур Кападзе миллий жамоа бош мураббийи этиб тайинланганини расман тасдиқлади.
Қайд этилишича, Ўзбекистон футбол ассоциацияси миллий жамоа бош мураббийлиги учун бир қатор номзодларни ўрганиб чиққан ва таҳлил қилган. Маҳаллий ва хорижлик тажрибали мутахассислар билан музокаралар ўтказган. Шу билан бирга, мураббийлар кенгаши томонидан тақдим этилган тавсиялар ҳам батафсил кўриб чиқилган.
«Жаҳон чемпионати саралашининг ҳал қилувчи ўйинларига оз вақт қолганини ҳисобга олиб, жамоа ва футболчилар билан яқиндан таниш бўлган, узоқ йиллар давомида миллий жамоа сафида тўп сурган ҳамда бош мураббий ва ёрдамчи мураббий сифатида фаолият олиб борган, шунингдек, Ўзбекистон Олимпия жамоаси билан тарихий натижага эришган Темур Кападзе номзоди илгари сурилди. Ҳозирги юзага келган ҳолатда ЎФА айнан Кападзенинг мураббийлик истеъдоди, масъулияти, жамоа аъзолари орасида мавқеи, қолаверса доимо юқори мақсад сари интилиш каби жиҳатлари орқали муҳим учрашуарда ижобий натижа кўрсатишига ишонади», — дейилади ташкилот хабарида.
Таъкидланишича, Темур Кападзе айни кунларда Қатарда йиғин ўтказаётган Ўзбекистон миллий жамоасига қўшилиб, жамоа бошқарувини қўлга олади.
Аввалроқ, Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец соғлиғи билан боғлиқ муаммолар сабабли Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан тузилган шартномани ўзаро розилик билан бекор қилишга қарор қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, 43 ёшли Темур Кападзе 2024 йилда Ўзбекистон олимпия жамоасини футболимиз тарихида илк бор Олимпиадага олиб чиққан ва якунда Ўзбекистонда йилнинг энг яхши мураббийи сифатида эътироф этилганди.
Маълумот учун, Ўзбекистон миллий жамоаси 27 январ куни Доҳада Иорданияга қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушади. Бу баҳсга асосан Суперлигада тўп сураётган ўйинчилар жалб этилган. Миллий жамоамиз 20 март куни ЖЧ-2026 саралаши доирасида Қирғизистонни Тошкентда қабул қилса, 25 март куни Теҳронда Эрон миллий жамоаси меҳмони бўлади. Ушбу баҳслардаги муҳим очколар жамоамизга илк бор жаҳон чемпионати йўлланмасини келтириши мумкин. Вакилларимиз ҳозирда 13 очко билан А гуруҳида 2-ўринда бормоқда.