Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец соғлиғидаги муаммолар боис лавозимини тарк этди.
«Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец соғлиғи билан боғлиқ муаммолар сабабли Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан тузилган шартномани ўзаро розилик билан бекор қилишга қарор қилди. Словениялик мураббий ўз мурожаатида ҳозирги ҳолатида вазифаларини тўлақонли, профессионал тарзда бажара олмаслигини афсус билан қайд этди. Доимий қўллаб-қувватлагани ва самарали ҳамкорлик учун ассоциацияга ўз миннатдорчилигини билдирди. Миллий жамоамизга Жаҳон чемпионати саралаш баҳсларида омад тилади.
Ўз навбатида, Ўзбекистон футбол ассоциацияси Сречко Катанецга миллий жамоамиз бошқарувидаги меҳнатлари учун миннатдорчилик билдиради. Саломатлигини тиклаб, мураббийлик фаолиятини муваффақиятли давом эттиришини тилайди.
ЎФА ҳамда Сречко Катанец ўртасидаги шартнома ўзаро дўстона муносабатларни сақлаган ҳолда бекор қилинди. Ўзбекистон футбол ассоциацияси миллий жамоамиз бош мураббийи лавозимига муносиб номзод тайинлаш борасида иш олиб бормоқда», — деб ёзади ЎФА матбуот хизмати.
Эслатиб ўтамиз, 61 ёшли мутахассис 2021 йил кузидан бери Ўзбекистонни бошқариб келаётганди. Унинг қўл остида миллий жамоа Осиё Кубоги-2023да чоракфиналгача етиб борди, ЖЧ-2026 саралашида эса 3-босқичга чиқди ва айни вақтда гуруҳда мундиалга йўлланма берадиган 2-ўринни эгаллаб турибди.