«Боруссия Дортмунд» бош мураббийи Нури Шаҳин 21 январ, сешанба куни бўлиб ўтадиган «Болоня»га қарши Чемпионлар Лигаси 7-тур ўйинида қониқарсиз натижа кўрсатса, истеъфога чиқарилиши мумкин. Бу ҳақда Sky Sport Germany журналисти Флориан Плеттенберг Х ижтимоий тармоғида хабар берди.
Манбага кўра, туркиялик мутахассиснинг ўрнига асосий номзод «Манчестер Юнайтед»нинг собиқ устози Эрик тен Ҳагдир. Нидерландиялик мураббий октябр ойи охирида инглиз клубидан ишдан бўшатилганди.
«Штутгарт»ни бошқараётган Себастиан Ҳёнесни таклиф қилиш варианти ҳам кўриб чиқилмоқда. Аммо немис мутахассисининг шартномасида 7-8 млн евро миқдоридаги товон пули мавжуд.
Маълумот учун, «Боруссия» барча мусобақалардаги сўнгги 8 ўйинда фақат бир бор ғалаба қозонди, Бундеслигада 10-ўринни эгаллаб турибди.