«Олд Траффорд» яқинида «МЮ»нинг уч афсонасига қўйилган ҳайкал бор. Жамоанинг илк бор Европанинг энг яхши клуби бўлишига ҳисса қўшган бу уч футболчи – Жорж Бест, Бобби Чарлтон ва Денис Лоудир. Қизиғи, бири шимолий ирландиялик, иккинчиси шотланд, учинчиси эса инглиз. Қайсидир маънода Британия бирдамлигини ҳам ифодаловчи бу учликнинг сўнгги вакили Лоу кеча, 17 январ куни 85 ёшида дунёдан кўз юмди. Ҳозирги футбол авлоди учун бу ном бегона бўлиши мумкин, аммо Британия футбол тарихида ўз ўрнига эга бўлган бу футболчини эътироф этмаслик имконсиз, зеро то Мел Гибсон машҳур филмини ҳавола қилмагунча, «Шерюрак» деганда ҳамма Уоллесни эмас, Лоуни тушунарди.
Паст бўйли, озғин, бунинг устига гавдасига нисбатан катта кўзойнак тақиб олган ўсмирга қараб туриб, келажакда ундан буюк футболчи чиқишига ишониш мушкул эди. «Хаддерсфилд» клубига назорат учун келган болакайни спорт билан фақат шахмат ёки шашка боғлаб туриши мумкиндек тасаввур қилган клуб менежерларининг фикрлари ҳам ҳамоҳанг келди – бу боладан футболчи чиқмайди.
Аммо унинг бахтига кейинчалик «Ливерпул»даги фаолияти орқали дунёга машҳур бўлган, буюк тренер Билл Шенкли клубда ўша вақтда клубда ишларди. Шенкли истеъдодли футболчиларни кашф қила олиш маҳорати билан машҳур, жумладан кейинчалик, Англия футболи афсоналаридан бири Кевин Киганни ҳам у топган. Билл 15 ёшли ўсмирни ёнига чақирди ва исмини сўради.
- Лоу, - деб жавоб берди бола, - Денис Лоу
Афсонавий ва жарангдор исмларга бой бўлган футбол оламида биринчи бор бу исм янгради ва яна бир дурдонанинг миллионлар ўйинидаги ҳаёт йўли бошланди. Йиллар ўтади, Голландия қишлоқларидан бирида яна бир бола дунёга келади. «Манчестер Юнайтед»нинг ашаддий ишқибози бўлган жаноб Бергкамп айнан мана шу исм шарафига ўғлини Денис деб номлайди.
- Сенга имконият бераман, - деди нафақат тактик, балки уста психолог сифатида ном қозонган мураббий, - ановилар сенга ишонмаяптилар, сен ўзингни кўрсатиб қўйгин.
Илк кундаёқ мураббийнинг оталарча муносабати Денисга қўшимча куч ато этди ва қисқа вақтда унинг клубга кераклигига ҳеч ким шубҳа қилмасди.
20-асрдаги Шотландиянинг энг яхши футболчиси, «Манчестер Юнайтед» афсонаси Денис 1940 йилнинг февралида, Абердинда туғилди. Уларнинг яшаш жойлари шимолий денгизга яқин эди ва отаси балиқ овлаш гуруҳида инженер бўлиб ишларди. Лоулар оиласи жуда камбағал яшашарди, кўпинча Денисда оёқ кийими сотиб олиш учун ҳам пули бўлмас, дўстларининг бутсаларини кийиб шуғулланишга мажбур бўларди. Кейинчалик футболчида пайдо бўлган кучли характер, курашувчанлик ҳисси айнан оғир ўтган болаликнинг самараси бўлса не ажаб.
У ёшлигидан «Глазго Райнджерс» клуби фанати эди, аммо Шотландия чемпионатида ўйнаш Денисга насиб этмади. Англияда, 16 ёшида «Хаддерсфилд» клуби сафидан жой олган Денис бир йил ўтиб илк профессионал шартномасига эга бўлди. 18 ёшида эса у Шотландия миллий жамоасидаги илк ўйинини ўтказди ва Уэльс терма жамоаси дарвозасини ишғол қилди.
Денис «Ҳаддерсфилд»даги дастлабки мавсумларда чап қанот ҳимоясида ўйнади, фақат баъзи вазиятлардагина уни олдинроқда ўйнатишарди. Шунинг учун ҳам унинг илк жамоасидаги статистик кўрсаткичлари унчалик сермаҳсул эмас – 81 ўйинда 16 гол. Дениснинг тўпурарлик маҳорати илк бор «Вест Ҳэм» га қарши кечган кубок учрашувида намоён бўлди. Қалин қор ва муз остида кечган ўйинда у рақиб дарвозасини беш марта аниқ нишонга олди ва жамоасининг 5:1 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади. Умуман, Лоу алоҳида учрашувларни ўта ёрқин ўтказиши билан машҳур эди. Унинг ҳисобида жуда кўп хет-триклар ва покерлар ёзилган, жумладан Шотландия терма жамоаси тарихидаги ҳар иккала покер ҳам Денис Лоуга тегишли. Унинг фаолиятидаги иккинчи клуби «Манчестер Сити» таркибида эса ҳатто битта учрашувда олтита тўп муаллифига айланган («Лутон» - 6:2). Яъни футболчининг ўйини чиқиб қолса тўхтатиб қолиш ниҳоятда қийин эди.
1960 йилда «Манчестер Сити» уни ўша пайтлардаги британ футболидаги рекорд сумма – 55 минг фунтга сотиб олади. Манчестерда Лоу узоқ қолмади, гол уришда давом этаётган ҳужумчига ўша пайтларда нисбатан анча бой бўлган Италия клублари кўз тика бошлашди. «Торино» клуби Денис ва яна бир ҳужумчи Жо Бэйкер учун 100 минг фунт тўлайди.
Бу трансфер футболчи фаолияти учун хато қарор эди. Тажрибада ҳам британиялик футболчиларнинг Италияда муваффақият қозониш ҳолатлари кам эди, Лоу ҳам истисно бўла олмади. Туринда узоқ қолмаганининг яна бир сабаби эса авталокат бўлди, британиялик футболчиларга «хос равишда» маст ҳолда автомобил бошқарган Лоу аварияга учради ва узоқ вақт даволанишга мажбур бўлди. Тузалгач эса у Туринда қолишни истамади, Манчестерга қайтди. Бу сафар «Сити» эмас, Мэт Басби бошчилигидаги «Манчестер Юнайтед» футболчи учун янги рекорд сумма – 116 минг фунтдан воз кечди ва футболчининг энг ёрқин йиллари айнан шу клуб билан боғланди. Манчестер Лоуни қаҳрамонлардек кутиб олди. Ҳатто статистикларнинг ҳисоблаши бўйича, ушбу трансфердан сўнг «Олд Траффорд»га ташриф буюрувчи мухлислар сони қўшимча 5000 га ошганди.
Лоу кўз билан боғлиқ муаммоларини ҳам сал бўлса-да ҳал қилди, майдонга линзасиз туша бошлади. Аммо барибир у узоқни яхши кўра олмасди, бу унинг ўйин услубида ҳам сезиларди. Денис кўпроқ яқин масофаларга тўпни узатарди, қисқа комбинацияларда самаралироқ ҳаракат қиларди. Унинг зарбаси эса доимо кучли ва аниқ бўларди. Айниқса 1964 йил футболчи учун янада сермаҳсул кечди. У мавсум давомида 60 та гол муаллифига айланди ва бу голлар унга «Олтин тўп»ни олиб келди.
Лоунинг устунликлари ҳаракатчанлик (ҳатто кўпчилик ҳаддан зиёд деб баҳолашарди), техника ва чап оёқдаги кучли зарбаси эди. Гавдаси кичик бўлса-да, чапдастлиги туфайли жуда кўп яккакурашларда ғолиб келар, айниқса дарвоза яқинидаги тўпларни турли акробатик усуларда голга айлантиришга уста эди. Тез-тез жароҳат олар, аммо тикланиш жараёни ҳам тез бўларди, мухлислар майдонда яна ўша курашга тўймас Лоуни кўришарди. Шунинг учун ҳам уни баъзилар «Шерюрак» деб ҳам аташарди. У ҳар қандай зарбани, оғриқни кўтара олар, бундай вазиятларда ниҳоятда кучли шахс сифатида гавдаланарди. Қаттиқ таъқиб остида ҳам эркин ўйнай оларди.
Илгари буюк Британияда яхлит терма жамоани ташкил қилиш ғоялари ҳам кўп бор илгари сурилган ва турли сўровномалар ўтказилган. Маълум бўлишича, 60-йилларда (эътибор беринг, 1966 йилда Англия жаҳон чемпиони бўлган) бу таклифни қўллаб қувватловчилар кўп бўлган экан. Бунинг асосий сабаби эса айнан Денис Лоу ва шимолий ирландиялик Жорж Бест бўлган экан. Инглиз ишқибозлари бу икки юлдузни ўз терма жамоаларида кўришни жуда исташган.
Ҳақиқатдан ҳам Лоу, Бест ва англиялик жаҳон чемпиони Бобби Чарльтонлар «Манчестер Юнайтед»нинг етакчи футболчилари эдилар. Бу уч афсона биргаликда клубни ҳам афсона даражасига ҳам кўтаргандилар. Бу уч футболчи биргаликда 665 та маротаба клуб рақиблари дарвозасини ишғол қилган ва ҳар бири навбати билан «Олтин тўп»га эга чиққанди. Клуб бу даврда икки марта Англия чемпионлигини ва бир марта кубок соҳибига айланди. 1968 йилда «МЮ» Европа чемпионлар кубогини қўлга киритди, афсуски, қаҳрамонимиз «Бенфика»га қарши кечган финал учрашувида майдонга туша олмади. 1999 йилги ЕЧЛ финали олдидан Скоулз ва Кинсиз қолган Алекс Фергюсон матбуот анжуманида Лоуни ёдга олган ва усиз ҳам 1968 йилги финалда ғалаба қозонган «МЮ»ни мисол қилиб келтирганди.
70-йилларга келиб клубнинг янги мураббийи Томми Догерти ёшларга кўпроқ эътибор қарата бошлади ва Лоу «МЮ» даги ўйинлари сонини 400 тага етказиб (236 гол), «Манчестер Сити»га қайтди.
Унинг клублар миқёсидаги сўнгги ўйини эса кўпчиликнинг ёдида қолди, икки хил туйғуни келтириб чиқарди. 1973/74 йилги мавсумнинг сўнгги турида у ўзининг собиқ ва қадрдон клуби «МЮ»га қарши майдонга тушди. Ўша пайтга келиб «шаҳарликлар»га очко унчалик керак эмас, «МЮ» эса лигани тарк этиш хавфида қолганди. Ўйиннинг 85-дақиқасигача ҳисоб очилмади. «Сити» навбатдаги комбинацияни амалга оширади ва Денис товони билан нозик зарбани ижро этади – 1:0. Нималар қилиб қўйганини англаган Лоу ўзини тута олмас, ҳар қандай голни қўлини кўтарган ҳолатда фанатларга миннатдорчилик тарзида нишонлайдиган футболчининг қўллари бу сафар кўздаги ёшни артиш учун ҳаракатга келади. Майдон марказига келгач эса бутунлай йиғлаб юборади.
Энди «Юнайтед» мухлисларининг аҳволини тасаввур қилиб олаверинг. Ҳозиргина бой берилган бир очко уларни 2-дивизионга улоқтириб ташларди. Фанатлар майдонга тушиб собиқ кумирларини бўлакларга бўлиб ташлашга тайёр ҳолатга келадилар. Тартибсизликлар бошланади ва бир неча дақиқага ўйин тўхтатилади. Айнан ўша воқеадан кейин «Олд Траффорд»да темир панжарали ихоталарни қўйиш бошланганди.
Денис Лоу кейинчалик ўша оқшомни ҳаётидаги энг изтиробли бўлганлигини тан олганди.
Лоу Шотландия миллий жамоаси сафида 30 та гол муаллифига айланди ва бу кўрсаткич Кенни Далглиш томонидан янгиланди. Унинг миллий жамоа сафидаги энг ёрқин ўйини эса 1967 йилда «Уэмбли»да бўлганди. Шотландлар Англия устидан 3:2 ҳисобида ғалаба қозондилар ва учрашувнинг энг яхши ўйинчилари Лоу ва унинг ҳужумдаги шериги Жим Бакстер бўлганди.
Унинг жаҳон чемпионатида ўйнаш орзуси 1974 йилда ушалди, аммо Лоу Германияда ўтган мундиалда ўзини кўрсата олмади. Заир (Конго Демократик Республикаси) га қарши кечган турнирнинг дастлабки ўйинида Лоу жуда кўп вазиятларни қўлдан чиқарди. У африкалик «шогирдлар»ни унчалик менсимади ва бемалол дарвозани ишғол қилса бўладиган ҳолатларда ҳам чиройли ўйнашга, турли финтларни ишлатишга киришиб кетди. Жуда кўп оширилган тўпларни товон билан ёки акробатик сакрашлар орқали якунлашга ҳаракат қилди. Ўйиндан сўнг уни бу енгил муносабати учун айбладилар ва кейинги икки учрашувда Лоу майдонга туширилмади. Айнан биринчи учрашувда бой берилган имкониятлар Шотландия миллий жамоасига қимматга тушди, чунки гуруҳдаги бошқа жамоалар – Бразилия ва Югославия тўплар нисбатига кўра кейинги босқич иштирокчисига айландилар.
Мундиалдан кейин футбол билан бутунлай хайрлашган Денис Лоу футбол шарҳловчиси сифатида ҳам бир неча йил фаолият юритди.
2008 йили «Манчестер Юнайтед»нинг Европа Чемпионлар кубогидаги ғалабасининг 40 йиллиги муносабати билан «Олд Траффорд» яқинида Бест, Чарлтон ва Лоунинг хайкали қад кўтарди. Лоунинг ватандоши Сэр Алекс Фергюсон ҳайкал устидаги чойшабни тушириш бахтига муяссар бўлди ва бунинг ҳақиқатдан ҳам бахт эканлиги ҳақида ўша маросимдаги қисқа нутқида таъкидлаб ўтди.
Қаҳрамон Асланов