Футбол клублари трансфер орқали қандай даромад қилишади? Нега академия тарбияланувчиларини сотиб юбориш урф бўлмоқда? Журналист Қаҳрамон Асланов навбатдаги мақоласида шу ҳақда.
Трансфер бозори очилганда у ёки бу футболчининг бошқа жамоага ўтиши ҳақидаги хабарлардан ташқари, молиявий fair play мавзуси ҳам долзарб бўлиб қолади. «Барселона», «МЮ», «Арсенал» каби клубларнинг трансфер бозорида фаол бўлиш учун халақит берувчи омил сифатида ҳам турли чекловлар ҳақида ўқиб қоламиз. Шу ўринда савол туғилади, нега «Челси» сўнгги йилларда юз миллионлаб пул сарфлаб футболчилар сотиб олаётган бўлса-да, бу борада муаммога учрамаяпти? Охирги тўрт йилда 1,4 миллиард еврога футболчи сотиб олган лондонликлар қандай қилиб омон чиқмоқда?
Қуйида трансферлардаги рақамлар оламига бироз сайр қилиб, шу тарздаги хабарлар ортида нималар борлиги кўриб чиқилади.
Узоқ муддатли шартномалар
Аввало, биз футболдаги амортизация тушунчасини англаб олишимиз керак. Ҳар қандай футболчи сотиб олинганда трансфер учун тўланган сумма у билан тузилган шартнома муддатига тенг тақсимлаб юборилади. Футболчининг амортизация суммаси эса ўша сочиб юборилган трансфер суммасининг шартнома муддатининг ўтган қисмида чегирилган қисмидир. Унинг баланс қиймати эса шартнома муддатининг ўтмаган қисмидаги харажатлар, яъни амортизация қилинмаган қисмидир.
Тушунарли бўлиш учун аниқ мисолда кўриб чиқамиз. Ромео Лавияни олайлик. У 2023 йил ёзида «Саутҳэмптон»дан 62 миллион евро эвазига ўтди. Шартнома муддати 2030 йилгача. Маоши йилига 2,5 миллион евро деб белгиланган.
Демак, Лавия учун сарфланган трансфер харажати биринчи йил учун атиги 8,8 миллион еврони ташкил этади, холос. Қоғозда катта суммадаги харид сифатида кўрингани билан молиявий ҳисоботларда «Челси» 2023 йилда Ромео Лавия учун маошлари билан 8,8+2,5=11,3 миллион евро сарфлаган бўлади.
Бу ерда Боулининг узоқ муддатли шартномалар бўйича манёврлари ўртага чиқади, масалан, 80 миллион еврога сотиб олинган футболчи билан 8 йиллик шартнома имзоланса («Челси» кўп ёш футболчилар билан шунақа муддатга шартномалар имзолади), унинг трансфер харажати – бир йил учун 10 миллиондан тушади. Агар янги футболчи билан 4 йиллик шартнома имзоланганда, ҳар йил учун 20 миллион харажат қўшиларди. Боули мана шундай шартномалар орқали трансфер суммасини сочиб юбормоқда, бу тушунарли.
Албатта, бу усулда танганинг бошқа томони бор. Футболчининг шартнома муддати катта бўлгани учун амортизация суммаси кичик, демак Лавиянинг балансдаги нарх пасайиши нисбатан секин рўй беради. Бу эса футболчини сотиш орқали фойда қилиш имкониятини пасайтиради. Яна мисол келтирамиз.
Айтайлик, «Челси» Лавияни уч йил ўтиб сотишга қарор қилди. Ўша пайтда Лавиянинг амортизация чегирилган баланс қиймати 62-(8,8+8,8+8,8) = 35,6 миллион еврони ташкил қилади. «Челси» Лавияни сотишдан зиён кўрмаслиги учун камида шу нархга сотишга мажбур. Агар Лавия билан 4 йиллик шартнома имзоланган бўлганида, унинг ҳар йиллик амортизацияси 15,5 миллион евро бўлар, уч йилдан кейинги баланс қиймати эса 62 – (15,5+15,5+15,5) = 16,1 миллионга еврога тенг бўларди. Клуб тахминан 20 миллион еврога сотиб ҳам Лавия трансферини фойда сифатида акс эттира оларди.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, 2024 йилдан бу усулни қўллаш имконсиз бўлиб қолди. «Челси» билан боғлиқ шундай ҳолатлардан ташвишга тушган баъзи топ-клублар УЕФАга арз қилишди. УЕФА бу масалани кўриб чиқиб, баъзи тузатишларни киритди: энди клуб футболчи билан қанча муддатга шартнома тузишидан қатъи назар амортизацияни максимум 5 йилга тақсимлай олади, холос. Албатта, «Челси» эски лазейкадан 2023 йилда фойдаланиб улгургани туфайли, бу ўзгаришдан ҳам фақат лондонликлар ютади. Чунки энди унинг услубидан бошқа клублар фойдалана олмайди.
Трансфер орқали даромад қилиш
Сезиб турганингиздек, аслида умумий олганда ҳар бир футболчи учун харажат ҳам, кирим-чиқимлар ҳам ўзгармайди, бу ерда фокус харажатларни акс эттиришда кейинги йилларга бўлиб юбориш, шу орқали трансфер бозорида фаолликка шароит яратиш кўзда тутилади. Яъни футболчи сотувидан тушган тушум тўлиғича ўша йил учун даромад ҳисобланиши, трансфер харажати эса, йилларга сочиб юбориш имкониятига эга эканидан клублар фойдаланишмоқда.
Яна бир муҳим нуқта шуки, трансфер харажатлари беш йиллик шартнома муддатига сочиб юборилса, молиявий текширувлар ўз ичига уч йилни қамраб олади. Клублар айнан қайси муддатлар алоҳида кўриб чиқилишини жуда яхши билади. Айтайлик, 2025 йил июлда ёпиладиган уч йиллик учун текширув бор ва «А» клуби 20 миллион евро минусда турибди. Шу муддат тугагунча, 20 миллион евро даромад қилишга мажбур. Клуб нима қилади? 20 миллионга бирор футболчисини сотиб, вазиятдан чиқиб кетади. Унда футбол нима бўлади, ахир сотилган футболчининг ўрнини қоплаш керак-ку?
Икки йўл бор. Биринчиси, июл ойида шошилинч равишда кимнидир сотиб, ўрнига янги футболчи олиб келишни августга кўчиради. Бу энди бошқа давр харажати. Ёки иккинчи йўл ҳам бор. 50 миллионга футболчи сотиб, худди шу пулга бошқа футболчини сотиб олади.
Бир қараганда, баланс бузилгани йўқ, келган сумма чиқиб кетяпти, аммо айнан молиявий fair play ракурсида қаралса, клуб ёпилаётган йил учун 50 миллион даромад қилиб, атиги 10 миллион харажат қиляпти, холос. Нега? Топдингиз, сотиб олинган футболчи билан беш йиллик шартнома тузилса, сарфнинг бешдан бир қисми эътиборга олинади, холос. Ўша бешдан бир қисм ҳам аслида янги молиявий йилга киритилишини ҳам унутмаслик керак.
Эсингизда бўлса, бир пайтлар «Ювентус» ва «Барселона» Пянич ва Артурни айрибошлашга қарор қилишган. Бу тўғридан тўғри алмашув эмас, икки алоҳида трансфер сифатида амалга оширилган ва энг қизиғи, ҳар икки футболчининг нархи қарийб икки баробарга кўпайтирилганди. Нега?
«Барселона» Артурни 60 миллион еврога сотдик, деб ҳисобот қилади ва бу суммани ўша йил учун даромад сифатида қайд этади. 60 миллионга сотиб олинган Пяничнинг эса, фақат ўша йилги шартнома қисми, масалан, уч йилга бўлса, 20 миллион евро акс этади. Натижада, шунчаки бир хил нархдаги футболчини айрибошлаган «Барселона» ўша йил учун 40 миллион евро фойда қилгандек кўринади. Бу ерда сумма ошгани сари даромад ҳам ошиб боради. Худди шу шаклда «Ювентус» учун ҳам шундай. Мана шу кичик «фириб» ёрдамида «Барселона» ҳам, «Ювентус» ҳам молиявий fair play олдидаги ҳолатини бирмунча яхшилаб олганди. Шунинг учун бирор клуб ўзидан ўзи бир футболчисини сотиб, ўрнига худди ўша савия ва нархда бошқасини олиб келса, ҳайрон бўлманг.
«Челси» нафақат кўп футболчи сотиб оляпти, шу билан бирга сотяпти ҳам, буни биламиз. Клуб ҳатто яхши ўйнаб турган ва балки жамоага фойда келтириши мумкин бўлган футболчини ҳам агар яхши таклиф бўлса, дарҳол рози бўлади. Бу аслида жуда рационал услуб – ўша футболчи ёши каттароқ ёки пасайиш даврида бўлиши мумкин ва агар вақтида сотилмаса, кейинги мавсумларда нархи пасаяди. Иккинчидан, «Челси» ушбу футболчидан келадиган трансфер даромади билан қимматроқ нархга ва ёшроқ футболчини сотиб олиш имкониятига эга бўлади.
Мисол учун, Неманя Матич 40 миллион еврога «Манчестер Юнайтед»га ўтганидан кейин у ерда жуда яхши ўйин кўрсата бошлади. Табиийки, «Челси»ни шундай яхши футболчисини сотиб юборгани учун айблаганлар ҳам кўп бўлди. Аммо Матич кейинги мавсумларда пасайишни бошлаб, «МЮ» уни 2022 йилда атиги 5 миллион еврога сотган бўлса, «Челси» Матични сотишдан бир йил олдин сотиб олинган анча ёшроқ Канте билан Чемпионлар Лигасини ютди ва 2023 йилда 15 миллион еврога сотишга муваффақ бўлди.
«Челси» сўнгги йилларда мана шундай самарали сотишлар билан ҳам балансни жуда яхши ушлаб турганини айтиш лозим. Анжело, Ҳатчинсон, Ҳаверц каби футболчилар сотиб олинган нархидан баландроққа сотиб юборилган бўлса, Канте, Зиёш, Кулибали, Менди каби футболчилар трансфер содир бўлган пайтдаги баланс қийматидан баландроқ нархга сотилиб, клубга даромад келтирди.
Академия тарбияланувчилари
Юқоридаги мулоҳазалардан келиб чиқиб, бу бизнеснинг энг «қаймоғи» академия тарбияланувчилари эканини тушунган бўлсангиз керак. Академия футболчиларини сотишдан олинадиган тушумнинг қадри баландроқ ва бу трансферлар учун кўпроқ имконият беради. Чунки академия футболчиси пулга сотиб олинмаган, демак унинг баланс қиймати 0 га тенг. Уни ҳар қандай қийматда сотуви клубга соф фойда сифатида қабул қилинади.
Энди тасаввур қилинг, А исмли академия тарбияланувчиси 40 миллионга сотиб юборилди. Бу сумма ёрдамида клуб неч пуллик трансфер қилиши мумкин? Айтайлик, юқоридаги мисол каби 80 миллионга Б футболчи сотиб олиниб, 4 йилга шартнома тузилса, унинг жорий йилдаги трансфер харажати атиги 20 миллионни ташкил қилади. Демак, бир академия тарбияланувчисини 40 миллионга сотиб, клуб ўша йилнинг ўзида 2 нафар 80 миллионлик футболчини сотиб олиш имкониятига эга бўлади.
Сўнгги йилда айниқса «Манчестер Сити» ҳам бу йўналишда анча муваффақият қозонмоқда. Ўтган йили клуб 10 нафар академия тарбияланувчисини сотишга муваффақ бўлди. Албатта, Палмерга тўланган сумма алоҳида ажралиб туради, аммо агар ўртача олганда ҳам, ҳар бир футболчи учун ўртача 10 миллион еврога тўғри келади. Бу академия футболчилари учун жуда катта рақамдир.
Эсингизда бўлса, ёзда «Манчестер Юнайтед»нинг трансфер бюджети 50 миллиондан ошмаслиги ҳақида хабарлар чиққанди. Аммо INEOS шу ёзнинг ўзида Угарте, Зиркзе, Йоро, де Лигт ва Мазравий учун 215 миллион евро сарфлади. Агар сотувларга қарасак, Гринвуд, Мактоминей ва ван Биссака учун 74 миллион евро олинган, демак соф трансфер чиқими 141 миллионни ташкил қиляпти. Клуб ортиқча 91 миллионни қаердан олди?
Албатта, мақолани бошидан ўқиб келаётган бўлсангиз, бундай савол сизда туғилмаслиги керак. 74 миллион евролик даромад аслида кўпроқ харидлар учун етишини аллақачон тушуниб етдингиз. Бу ерда яна бир эътиборли нуқта – Мактоминей ва Гринвуд «МЮ» академияси тарбияланувчилари эканидир. Юқорида айтилганидек, нол қийматга эга бўлган футболчилар сотуви тўлиқ соф даромад сифатида клубга кўпроқ самара келтиради.
Айни дамда нега клуб Рэшфорд, Гарначо ва ҳатто Майну трансферини кўриб чиқишга қарши эмаслигини энди англагандирсиз? Клубда мавсум ўртасида мураббий алмашди. Бу шунчаки алмашув ҳам эмас, Рубен Аморим тизим жиҳатидан ҳам, схема жиҳатидан ҳам тен Ҳагдан тубдан фарқ қилади. Уч йил Эрик тен Ҳаг учун йиғилган таркиб Аморимга у қадар тўғри келмаслигини майдонда кўрдик ҳам. Португалиялик мураббийга умуман бошқа, айни дамда клубда мавжуд бўлмаган профилдаги камида 2-3 футболчи зарур. Сарфлашга эса бюджет қолмаган. Табиийки, бундай ҳолатда кетиши аниқ бўлган Рэшфорд, мураббийга у қадар ҳам тўғри келмаётган Гарначонинг трансфери «МЮ»га яна фаоллашиш имкониятини тақдим этади. Захирада қолаётган Гарначони 50 миллионга сотиб, клуб Аморимга мос бўлган ва оғриқли позицияларни ёпиши мумкин бўлган уч нафар 50 миллионлик футболчини сотиб олиши мумкин бўлиб қолади. Ҳа, агар ҳиссий жиҳатдан ёндашилса, клуб тарбияланувчиларидан осон воз кечмаслик керак, балки тўғридир, аммо биринчидан, ушбу сиёсат билан клуб жуда кўп академия тарбияланувчиларидан якунда керакли фойдани ололмагани, иккинчидан, «Челси» масалага бошқачароқ ёндашиб, трансфер бозорида хоҳлаганини қилаётганини ҳам кўриб турибмиз.
Умуман олганда, сўнгги йилларда клубларда ўз тарбияланувчиларини сотиш тенденцияси пайдо бўлганининг сабаби шу ерда ётади. Авваллари бу мухлислар томонидан ҳам ёмон қарши олинган, клубларнинг ўзи ҳам академия тарбияланувчилари билан совринлар ютишда ўзига хос романтика кўрган. Сотиб олинган футболчилардан фарқли равишда маҳаллий футболчиларга алоҳида эътибор қаратилар, клуб ўз имижини айнан шундай номлар билан илгари суришга уринарди. Энди эса тескари ҳолатни кўриб турибмиз.
Молиявий чекловлар аслида ички ресурслардан кўпроқ фойдаланишга ундаш учун чиқарилган бўлса, тескари эффект даври бошланди – энди клублар ўзи тушиб қолган молиявий чуқурдан чиқишда айнан академия тарбияланувчиларини қутқарувчи ҳас сифатида кўрмоқда. Тасаввур қилиш мумкин, агар бугунги шартлар бўлганида, 90-йиллар ўрталарида Алекс Фергюсон машҳур класс-92 даги шогирдларидан кимларни аввалроқ сотиб юборган бўларди? «Камп Ноу» оқшомида икки Невиллдан қайси бирини биз умуман кўрмаслигимиз эҳтимоли бор эди? Ёки Гвардиоланинг ўша буюк «Барселона»сида Педро исмли футболчи бу қадар узоқ вақт ўйнаб юриши мумкинмиди? Аср бошларида Переснинг «Реал» академияси ёшлари ва юлдузларни бирлаштиришни кўзда тутган «Павонлар ва Зиданлар» сиёсати «Павонлар пулига Зиданлар» деб номланарди балки...
Ҳа, яна «Челси»га қайтамиз. Клуб сўнгги 3-4 йилда академиянинг бир қатор тарбияланувчиларини сотди.
- Мейсон Маунт «МЮ»га - 64 миллион
- Ян Матсен «Астон Вилла»га - 44 миллион
- Конор Галлаҳер «Атлетико» - 42 миллион
- Тэмми Абраҳам «Рома»га - 41 миллион
- Фикайо Томори «Милан»га - 35 миллион
- Луис Ҳолл «Нюкасл»га - 33 миллион
- Гуэҳи «Кристал Пэлас»га - 23 миллион
- Лофтус Чик «Милан»га - 19 миллион
- Ампаду «Лидс»га - 9 миллион
- Билли Гилмор «Брайтон»га - 8 миллион.
Академия тарбияланувчиларининг ўзидан «Челси» салкам 320 миллион евро даромад қилган. Икки академия футболчисини 56 миллион еврога сотган «Манчестер Юнайтед» бунинг ёрдамида трансферларга 200 миллиондан ортиқ сарфлай олганини эътиборга олсак, «Челси» олти баробар кўпроқ маблағ билан нималар қилиб юборишини мумкинлигини тасаввур қилиш мумкин. Тасаввур эмас, кўряпмиз ҳам.
Хулоса
Албатта 2020-2021 йилларда «Челси»га бир муддат трансфер чеклови ўрнатилгани бугунги ҳолат учун катта аҳамият касб этганини унутмаслик керак. Бу чеклов биринчидан, 1,5 йил трансферга пул сарфламаган клубда келаси йиллар учун қўшимча имкониятлар очди. Иккинчидан, мажбуран академия футболчиларига имконият берилиб, бир қатор номлар кашф қилинди. Абраҳам, Маунт, Томори каби қатор футболчилар айни дамда жамоада қолмаган бўлишса-да, айнан ўша даврда кашф этилиб, футболчи сифатида ўсди ва нархи ошди.
«Челси»нинг Боули давридаги харидларига замин ўша йиллардан қўйила бошланганига урғуни қаратсак, ҳеч қандай клуб доим шундай режимда яшай олмайди. «Челси» сўнгги йиллардаги харидларнинг ўрнини тўлдириш учун барибир келаси йилларда ҳам футболчиларни сотиб боришга мажбур. Бу эса яна академияга эътибор бериш орқали ёш футболчиларни етиштиришда давом этиш, ҳамда майдонда муваффақиятли ўйинлар кўрсатиш орқали мавжуд таркибнинг нархини ошириб бориши талаб этилади. Яъни барибир, бу бизнес бўлса-да, футбол бизнеси, яъни фойда қилиш учун майдонда ҳам яхши ўйин кўрсатиш талаби доим мавжуд бўлади.
Қаҳрамон Асланов