16.01.2025 19:14
4046
Теглар
Котрина Кулбите – Ўзбекистон аёллар миллий жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди

2029 йилда аёллар футболи бўйича қитъанинг энг нуфузли турнири — аёллар Осиё кубогига мамлакатимиз мезбонлик қилади. Ушбу мусобақага муносиб ҳозирлик кўриш ва 2026 йилги Осиё кубогида Ўзбекистон аёллар миллий жамоасининг иштирокини таъминлаш мақсадида жамоага янги бош мураббий хориждан таклиф этилди.

«Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти Ўзбекистон аёллар миллий жамоаси бош мураббийлигига номзод Котрина Кулбите билан учрашди. Дастлаб, литвалик мутахассис мамлакатимиз футболи тарихи ва қўлга киритилган ютуқлар билан таништирилди. Шунингдек, бугунги кунда юртимизда аёллар спорти, хусусан, футболга берилаётган эътибор ҳақида маълумот берилди», - дея ёзади ЎФА матбуот хизмати.

ЎФА раҳбарияти аёллар футболи кун сайин ривожланаётгани ва футбол билан шуғулланаётган қизлар сони ортиб бораётганини эътироф этиб, мамлакатимиз мезбонлик қиладиган 2029 йилги аёллар Осиё кубогида муносиб иштирок этиш, Жаҳон чемпионати ва Олимпия ўйинларига йўлланма олиш асосий мақсадларимиз экани, шунингдек, жорий йилнинг июн ойида ўтказиладиган 2026 йилги аёллар Осиё кубоги саралаш босқичида юқори натижа кўрсатиб, қитъа турнирига йўлланма олишимиз зарурлигини таъкидлаган.

Ўз навбатида Котрина Кулбите улкан тарих ва катта потенциалга эга жамоа бош мураббийи этиб тайинланаётганидан мамнун экани ва Ўзбекистонда аёллар футболи янада ривожланишида бор куч-ғайратини ишга солишга тайёрлигини билдирган.

Шундан сўнг, УЕФАнинг «Про» лицензиясига эга бўлган Котрина Кулбите билан шартнома масаласида дастлабки музокаралар олиб борилди. Литвалик мутахассиснинг вазифалари муҳокама қилинди ва келгусидаги режалар хусусида фикр алмашилди.

Маълумот ўрнида, Котрина Кулбите УЕФАнинг мураббийларни ўқитиш бўйича инструктори ҳисобланади. Литва аёллар терма жамоаси ва турли ёш тоифаларидаги қизлар терма жамоаларида бош мураббий ва ёрдамчи мураббий лавозимларида фаолият юритган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилдан бошлаб Ўзбекистон аёллар жамоасини бошқарагн япониялик Мидори Ҳонда 2024 йилда истеъфога чиқарилганди.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар