«Манчестер Юнайтед» яримҳимоячиси Алехандро Гарначо Италия А Сериясига кўчиб ўтиши мумкин.
La Gazzetta dello Sport хабарига кўра, душанба куни Италия клуби раҳбарияти «Манчестер Юнайтед» футболчиси агентлари билан Барселонада учрашув ўтказган. «Наполи»нинг спорт директори Жованни Манна ва бош мураббий Антонио Конте Гарначони юқори баҳолашмоқда. Аргентиналик футболчи ҳам ушбу трансферга қарши эмас.
Маълумотларга кўра, «Наполи» футболчининг маош борасидаги талабларини қондира олади. Унинг «Манчестер Юнайтед»даги даромади «Наполи»даги Хвича Кварацхелиянинг маошига яқин. Ҳозирда Хвича «ПСЖ»га ўтиш арафасида турибди.
Гарначонинг «Наполи»га ўтишига «Манчестер Юнайтед»нинг молиявий талаблари тўсиқ бўлиши мумкин. Манчестерликлар вингер учун тахминан 80 миллион евро талаб қилмоқда. Неапол клуби эса 45 миллион евро ва бонусларни таклиф қилмоқчи.
Аввалроқ, «Атлетико» ҳам аргентиналик футболчи учун 45 млн евро беришга тайёрлиги ҳақида хабар қилинганди.