Кай Ҳавертцнинг ҳомиладор хотини ижтимоий тармоқларда таҳдидларга учради.
«Арсенал» Англия Кубоги 1/32 финалида «Манчестер Юнайтед»га имкониятни бой бериб (1:1, пеналтилар сериясида — 3:5), турнирдан чиқиб кетди. Германиялик футболчи ўйин вақтида деярли бўш дарвозага гол уролмади, якунда эса серияда пеналтини аниқ амалга ошира олмади.
София Ҳавертц ўйиндан кейин олган таҳдидли хабарларни ошкор қилди. Улар орасида «Умид қиламанки, сен аборт қилдирасан», «Мен уйингга бориб, болангни ўлдираман, ҳазиллашмаяпман» каби таҳдидлар бор эди.
«Кимдир бундай хабарларни жўнатишни жоиз деб ўйлаши мени ҳайратга солади. Умид қиламанки, сиз уяласиз. Нима дейишни ҳам билмайман, лекин ҳурматда бўлинг. Биз бундай ишлардан юқоримиз», — деб ёзади футболчининг рафиқаси.
«Арсенал» Signifyʼга ушбу хабарларни юборган фойдаланувчиларни аниқлашни топширди.