Таниқли футбол мутахассиси Алишер Никимбаев Абдуқодир Ҳусановнинг «Манчестер Сити»га ўтиши ҳал бўлганидан кейин «Манчестер Юнайтед» скаути сифатида ишлайдиган таниш мутахассис билан суҳбатни каналида эълон қилди.
«2023 йил май ойида Аргентинада ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати давомида Ҳусанов «Манчестер Юнайтед» скаутининг эътиборига тушган эди. Биз ўшанда унинг АПЛдаги истиқболини муҳокама қилганмиз. Бугун мен ўша скаутга ёздим ва унинг фикрига қизиқдим», - дея ёзади Никимбаев.
- Ҳусанов АПЛ учун етарлича кучли. У аслида «Юнайтед»га кўпроқ мос келарди. Унда «Юнайтед»нинг ДНКси бор. Мени афсуслантирадиган жиҳат шуки, клубимиз уни вақтида пайқай олмагани ачинарли.
– «МЮ» ярим йил аввал Франция чемпионатидан Лени Йорони трансфер қилгани учун Ҳусановга эътибор қаратмаган бўлиши мумкинми?
– Йўқ, улар бир хил позицияда ўйнамайдилар ва ҳатто бирга ҳаракат қилишлари мумкин.
– Унда нега «Манчестер Юнайтед» Ҳусановга қизиқиш билдирмади?
– Буни айтиш қийин, чунки бизга қарорлар сабабини тушунтиришмайди. Бир томондан, мен Ҳусановни кўра олганим ва унинг АПЛда ўйнай олишини тахмин қилганимдан фахрланаман. Ўшанда унинг трансфер нархи атиги 100 минг евро эди. Аммо, бошқа томондан мени фикримга қулоқ солинмагани алам қилади, - дея «МЮ» скаути сўзларини келтирган Алишер Никимбаев телеграмдаги каналида.