«Арсенал» бош мураббийи Микел Артета Англия Лига Кубоги яримфинали доирасида «Нюкасл» (0:2) билан ўйиндан сўнг ўз фикрларини билдирди.
«Жамоалар ўртасидаги энг катта фарқ — бу якуний вазиятлар. Бошқа барча жиҳатларда биз яхшироқ эдик. Рақиб иккита гол урди ва бундай ғалабани қўлга кирита олгани учун уларга ҳурмат кўрсатишимиз керак.
Имкониятлардан фойдалана олмай, сўнг тўп ўтказиб юборсак, ҳар доим қийин бўлади, аммо жамоа бунга жавоб берди. Кўп вазиятлар яратдик, лекин рақиб ўз жарима майдончасини жуда яхши ҳимоя қилгани рост. Биз қарор қабул қилишда яхшироқ бўлишимиз мумкин эди. Бирга-бир вазият ҳам юзага келди, яримфиналда бундай пайтларда хотиржамроқ ҳаракат қилиш керак.
Хафа бўлишимиз керак, чунки бу биз хоҳлаган натижа эмас, лекин натижа ҳақиқат. Мен камбэк қила олишимизга ишонаман. Жамоам бу рақибга қарши қандай ўйнаганини кўрдим ва вазиятни ўзгартира олишимизга ишонаман», — дея испаниялик мутахассиснинг сўзларини келтиради ВBC.
Жавоб беллашуви 5 феврал куни «Нюкасл» майдонида бўлиб ўтади.