2025 йилги мавсумда ҳам чемпионликни мақсад қилган «Нефтчи» клуби ўз сафини яна бир номдор футболчи билан тўлдирди.
«Таркибимизга тажрибали дарвозабон Элдорбек Суюнов келиб қўшилди. Ўтган мавсум Наманганнинг «Навбаҳор» жамоасининг дарвозаси дахлсизлигини қўриқлаган посбон жамоамиз аъзосига айланди. Футболчи билан икки йиллик шартнома имзоланди», - дейилади хабарда.
Маълумот учун, Элдорбек Суюнов 1991 йил, 12 апрел куни Қашқадарё вилоятида туғилган. Футболчилик фаолияти давомида «Насаф» (Қарши, 2011 – 2017 йилнинг 1-давраси), «Пахтакор» (Тошкент, 2017 йилнинг 2-давраси - 2023 йиллар) жамоалари дарвозасини қўриқлаган.
Ўзбекистоннинг 5 карра чемпиони (2019, 2020-2023 йиллар), шунингдек, миллий чемпионатимизнинг кумуш (2011 йил) ва бронза (2013-2015, 2016-2017 йиллар) медаллари соҳиби.
Уч марта Ўзбекистон кубогини (2015, 2019 – 2020 йиллар) ҳамда бир марта ОФК кубогини (2011 йил) қўлга киритган.
2013-2021 йилларда Ўзбекистон миллий жамоаси дарвозасини 28 та ўйинда қўриқлаган.
Маълумот учун, 33 ёшли дарвозабон 2022 йилда «Пахтакор» сафида 9 ўйин, 2023 йилда эса бор йўғи битта баҳсда майдонга тушганди. 2024 йилда эса «Навбаҳор» сафида мавсумда 6 ўйин ўтказди.
Фарғона клуби бунгача Владимир Йовович, Зоран Марушич, Тома Табатадзе, Муҳаммадали Ғиёсов, Йован Жокич, Аброр Исмоилов сингари ўйинчилар билан келишувга эришганди.