«Реал» клуби ФИФА шафелигида ўтадиган клублар ўртасидаги ЖЧда қанча маблағ ишлаб олиши мумкинлиги маълум қилинди.
As нашри хабарига кўра, Мадрид клубига гуруҳ босқичида иштирок этишнинг ўзи учун 30 миллион евро кафолатланган. Агар «қироллик клуби» гуруҳ босқичидаги барча ўйинларини ютса, бу маблағ 35 миллион еврога ошади.
Яримфиналга чиқиш клубга 60 миллион евро олиб келади, финалга йўлланма эса 80 миллион евро миқдорида мукофот маблағини таъминлайди. Агар «Реал» турнирда ғолиб бўлса, умумий соврин пули 100 миллион еврони ташкил этади.
Маблағлар миқдори УЕФА рейтинглари коэффициентлари, клубнинг маркетинг қиймати ва телевизион ҳуқуқларнинг бозор баҳосига асосланиб тақсимланган.
Маълумот учун, янги форматдаги клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати келаси йил ёзда АҚШда ўтказилади. Унда илк бор 32 та жамоа иштирок этади.