Бекободнинг «Металлург» клуби Ўзбекистон чемпионатида юқори дивизиондаги 26 йиллик иштирокини якунлади. Клубнинг Суперлига-2025да иштирок этмаслиги аниқ бўлди.
ПФЛ «Металлург» ПФК МЧЖ устав капиталининг 100 фоиз улушига эгалик қилувчи Ўзметкомбинат АЖга мурожаат қилиб, 24 декабр санасига қадар клубнинг Суперлигадаги келгуси тақдирига ойдинлик киритишни сўраганди.
Кеча — 20 декабрь куни Ўзметкомбинат АЖ ПФЛ сўровига жавоб қайтарди ҳамда «Металлург» клубининг Суперлигада иштирок этмаслигини маълум қилди. Жавоб хатида ташкилотнинг клубга ҳомийлик маблағи ажратиши тўхтатилгани ва бунинг сабаблари батафсил тушунтирилган.
Аввалроқ, «Металлург» Суперлига ўтиш ўйинлари орқали лигадаги ўрнини сақлаб қолган бўлса-да, таркибидаги деярли барча футболчилар билан хайрлашгани маълум қилинганди.
«Металлург» клубининг Суперлигадаги ўрнини эгаллаш жараёни қандай кетма-кетликда бўлиши аввалроқ маълум қилинганди. Мана шу йўналиш асосида клубларга қарор қабул қилиш учун маълум вақт берилади ва уларнинг қарори ҳам Лига томонидан расман маълум қилинади.
Мазкур мавзунинг давоми ПФЛ ҳамда Ассоциация ўртасидаги учрашувдан сўнг расмий сайтимизда эълон қилинади», - дейилади ПФЛ хабарида.
Аввалроқ, Бекобод клуби ўрнига аввало «Олимпик» ва «Хоразм» клубларининг Суперлигада иштирок этиш имконияти кўриб чиқилиши, бу амалга ошмаса, «Локомотив» Про лига эмас, Суперлигада иштирок этиши мумкинлиги хабар қилинганди.