«Ланс» ҳамда Ўзбекистон миллий жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов қишки трансфер ойнасидаёқ Франция чемпионатини тарк этиши мумкин.
Ўзбекистонлик 20 ёшли марказий ҳимоячига қизиқиш билдираётган клублар рўйхати тобора кенгаймоқда. Ҳозирга келиб Ҳусановни ўз сафида кўришни истаётган клублар сафига «Манчестер Сити» ҳам қўшилган.
«Твиттер»да 235 мингдан ортиқ обуначига эга Экрем Конурнинг ёзишча, Ҳусановга ҳозирга келиб Англиянинг «Тоттенҳэм», «Нюкасл», «Лестер» ва «Манчестер Сити» клублари қизиқиш билдирмоқда. Шунингдек, Франциянинг «ПСЖ», Германиянинг «Лейпциг» ва Испаниянинг «Атлетико Мадрид» клублари ҳам уни ўз сафида кўрмоқчи.
Қайд этилишича, «Ланс» 20 ёшли ҳимоячисини 30 миллион евро трансфер пули эвазига қишки трансфер ойнасида қўйиб юбориши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Абдуқодир Ҳусанов 2023 йилда Беларуснинг «Энергетик-БГУ» клубидан 100 минг евро эвазига Франция клубига кўчиб ўтганди.