«Реал» бош мураббийи Карло Анчелотти Ла Лига 19-туридан ўрин олган «Атлетик» (1:2) билан баҳсдан кейин ўз фикрларини билдирди.
«Тенг ўйин бўлди. Ҳисобни тенглаштиргандан сўнг назоратни қўлга олишимиз мумкин эди, аммо деталлар ҳал қилди.
Мбаппе билан гаплашмадим. Ўйинни фақат пеналтилар бўйича баҳоламаслик керак. Албатта, у хафа, лекин ҳаракат қилиши керак. Мослашишга вақт керак.
Бизда 3 пеналтичи бор — Винисиус, Мбаппе ва Беллингҳэм. Вини йўқлиги учун Килиан нуқтага яқинлашди.
Феде Валверде (2-гол унинг хатосидан сўнг юзага келди) ҳам Килиан каби хафа. Аммо унга нисбатан ҳеч қандай шикоят бўлмаслиги керак, у — ажойиб футболчи. Хатолар бўлади, лекин биз олдинга қарашимиз керак.
«Атлетик» ўз майдонида жуда хавфли. Ўйлайманки, иккала жамоанинг қилган ишларидан келиб чиққан ҳолда дуранг натижа мос эди.
Биринчи бўлимда яхши ҳимояландик, аммо тўп билан яхшироқ муомала қилишимиз мумкин эди. Иккинчи бўлимда вазият яхшиланди, бизда имкониятлар бўлди.
Ҳечқиси йўқ, курашни давом эттирамиз. Ҳали ҳам курашдамиз ва олдинга қараймиз», — дея италиялик мутахассиснинг сўзларини келтиради Marca.