30.11.2024 13:51
1644
Нохуш сериядаги «Сити» «Энфилд»га боради, Германияда Дер Класикер, «Интер» «Фиорентина»га қарши — ҳафта ўйинлари анонси

«Манчестер Сити»нинг муваффақиятсиз серияси яна давом этадими? «Фиорентина»нинг нияти қанчалик жиддий? «Реал» Чемпионлар Лигасидаги мағлубиятдан сўнг ўзига кела оладими? Ҳар ҳафта бўлганидек, Европадаги етакчи миллий чемпионатларда ўртага ташланадиган саволлар етарли. Буларнинг ҳаммасига жавоб топиладими ёки йўқ, муҳими жараён. Биз учун қизиқарли, муросасиз ўйинларнинг бўлиши — энг муҳими.

БОРУССИЯ Д – БАВАРИЯ (30 ноябр, 22:30)

Айни дамда турнир жадвалида бу жамоаларни 10 очко ажратиб турган бўлса-да, дортмундликларнинг, айниқса,уй стадионида «Бавария»га қандай қаршилик кўрсата олишини биламиз. Жамоа охирги икки ўйинни йирик ҳисобда ғалаба билан якунлаганининг ўзи ҳам «Боруссия»нинг яхши спорт формасида эканидан дарак беради.

«Бавария» эса балки Компани давридаги энг яхши серияни давом эттирмоқда, дейиш мумкин. Мавсум бошида мюнхенликлар анча ҳужумкор ўйин кўрсатиб, йирик ғалабаларга эришган бўлса-да, натижаларда беқарорлик бор эди. «Барселона»дан учралган йирик мағлубиятдан сўнг ҳозирда жамоа 7 ўйинлик ғалабали серияга эга ва бунинг мавсум бошидаги ҳолатдан фарқи шундаки, ушбу 7 ўйинда бирорта ҳам тўп ўтказиб юборилмаган. Умумий тўплар нисбати – 18:0. Айниқса, Мусиала ажойиб спорт формасига кирган бўлиб, мана шу ўтган ўйинларда 6 гол ва 1 ассистни амалга ошира олди.

«Бавария» муваффақиятли даврни мантиқий якунлаши учун Дортмундда ҳам ғалаба қозониши ва муҳими, 3 кундан кейин бўлиб ўтадиган кубок ўйинида ҳам зафар қучиши лозим бўлади. Ўша куни Компани шогирдлари «Байер»ни қабул қилишади.

Таркибларга келсак, мезбонлар таркибида етакчи футболчилар Брандт ва Адейеми майдонга туша олишмайди. Шунингдек, Эмре Жан Майнцда олган қизил карточкаси туфайли дисквалификациясини давом эттирмоқда. «Бавария»да Палиня камида икки ойга сафдан чиққан. Шунингдек, Александр Павлович ҳам шерикларига ёрдам бера олмайди. 

Яна бир қизиқ факт – «Боруссия» ўз майдонидаги ўйинлар бўйича 100 фоизлик натижа кўрсатиб, Бундеслигада энг яхши бўлса, «Бавария» айнан сафар ўйинларида энг яхши натижа қайд этган. Мюнхен жамоаси 6 ўйиндан атиги бир дуранг қайд этган холос. Ўзаро ўйинларнинг сўнггисида «Боруссия» сафарда 2:0 ҳисобида устун келган бўлса-да, айнан Дортмунддаги ўйинларда 2018 йилдан буён ғалаба қозона олгани йўқ.

ЧЕЛСИ – АСТОН ВИЛЛА (1 декабр, 18:30)

«Астон Вилла» Лондонда ғалаба қозонадиган бўлса, «Челси»га очколар бўйича етиб олади, яъни жамоаларни атиги 3 очко ажратиб турибди холос. Аммо «Астон Вилла»нинг сўнгги турлардаги ўйини қайсидир маънода ўтган йилги «Нюкасл»ни эслатиб юбормоқда. «Нюкасл» ҳам Чемпионлар Лигасига чиққач, мавсум бошида анча ишончли кўринган, аммо икки фронтда курашиш оқибатида қишга яқин натижаларни анча пасайтириб юборганди. Эмери жамоаси қаторасига 7 ўйиндан бери ғалаба нималигини билмаяпти. Қаторасига 4 ўйинда мағлубият алами тотилди. Охирги беш ўйинда атиги 3 гол урилган холос. «Ливерпул», «Ювентус» каби рақибларни тушунса бўлади, аммо ўз майдонида «Кристал Пэлас», «Борнмут» каби жамоаларни енга олмаслик, албатта, муаммо жиддийлигидан дарак беради.

Шу билан бирга «Астон Вилла» «Стэмфорд Бриж»даги охирги икки ўйинида ғалаба қозонганини ҳам эслаб ўтиш керак. Агар Англия кубоги доирасидаги ўйинни ҳам қўшсак, «Челси» 3 ўйиндан бери «Астон Вилла» дарвозасига ўз майдонида гол ҳам ура олмаяпти. Ўшанда кубок ўйинида ҳисоб очилмаган, такрорий ўйинда эса «Челси» сафарда 3:1 ҳисобида устун келганди.

Ўйин нейтрал мухлисларга ҳам анча қизиқарли, томошабоп бўлишини кутса бўлади. Чунки одатда «Астон Вилла» юқори прессинг қиладиган ва ҳимоя чизиғини анча олдинга чиқарадиган услубга эга ҳисобланади. «Челси» эса жуда кўп вазиятларини ва голларини айнан қарши ҳужумларда яратмоқда. Палмер, Мадуэке, Санчо каби футболчилар каттароқ зоналарда жуда самарали ўйнай олишади.

Майдон марказида Онана – Кайседо дуэли АПЛ учун ажойиб реклама бўлиши мумкин эди, аммо, афсуски, белгиялик футболчи жароҳат олган ва ушбу ўйинда майдонга тушиши сўроқ остида турибди. Мезбонлар сафида эса Рис Жеймс яна жароҳат олди.

Яна бир эътиборли жиҳат шундаки, «Астон Вилла» чоршанба оқшомида «Ювентус»га қарши қийин ўйинда майдонга тушганди. «Челси» ўз еврокубок ўйинларини пайшанба куни ўтказаётган бўлса-да, Конференциялар Лигаси савия жиҳатидан анча пастроқ турнир ва у ерда Мареска асосан иккинчи таркибни туширмоқда. Яъни жисмоний томондан майдон эгаларида устунлик бўлиши табиий ҳол.

ЛИВЕРПУЛ – МАНЧЕСТЕР СИТИ (1 декабр, 21:00)

Мавсум бошланмасдан тақвимни қўлга олганимизда, ушбу ўйин Англиянинг марказий ўйинларидан бири бўлади дейиш «Ливерпул» учун каттароқ ишончдек кўриларди. Зеро Юрген Клопп кетган, клуб янги мураббий учун бирорта ҳам трансфер қилиб бермаган ҳолатда жамоанинг юқори ўринлар учун курашиши қийиндек кўринаётганди. Кўриб турибмизки, аксинча, «Ливерпул» айни дамда нафақат Англияда, балки Европада энг кучли жамоа бўлиб турибди. Слот қўл остида жамоа барча мусобақаларда 19 та расмий ўйин ўтказиб, 17 тасини ўз фойдасига ҳал қилди. Ўтган сафар тақвимнинг бироз қийин келгани ва ноябр ойидаги ўйинлар ливерпулликларнинг ҳақиқий кучига баҳо беради, дегандик, мана, баҳо бериш мумкин – айнан мана шу қийин тақвимда фақат «Арсенал» билан сафарда дуранг қайд этилди холос. «Челси», «Брайтон», «Байер», «Лейпциг»лардан тортиб, 3 кун олдин ҳатто «Реал» ҳам тиз чўктирилди. Ҳа, шунчаки ғалаба эмас, «Реал» ҳар томонлама «Энфилд»да мағлуб этилди.

«Манчестер Сити»да эса ҳолат аксинча. Жамоа шайхлар сотиб олган кундан буён энг ёмон даврни бошдан кечирмоқда. Пеп Гвардиола шогирдлари ғалабасиз сериясини 6 ўйинга етказишди. «Фейеноорд» билан дурангдан олдин жамоада қаторасига беш мағлубият бор эди. Айни дамда АПЛ доирасидаги ўйинларда қаторасига 3 мағлубият бор. Гвардиола шогирдларига ишонишини, айнан шу футболчилар ўтган мавсумда Англияда чемпион бўлиб, Чемпионлар Лигасида чоракфиналгача борганини таъкидлаётган бўлса-да, жамоада ҳам руҳий, ҳам жисмонан муаммолар борлиги шубҳасиз. Айниқса, ҳимоя чизиғида ҳеч қачон «Манчестер Сити» бу қадар ожиз кўринмаётганди. Дастлабки 4 ўйин сафарда бўлганини тушуниш мумкин, аммо кейинги икки ўйинда «Этиҳад»да жамоа 7 та гол ўтказиб юборди.

Йўқотишларга келсак, Родрининг мавсум охиригача майдонга туша олмаслиги аввалдан маълум. Ёмон томони, марказда озми кўпми унинг ўрнини тўлдириши мумкин бўлган Ковачич ва Стоунзларда ҳам жароҳат бор ҳамда улар камида декабр охиригача тўлиқ формага қайтишлари қийин. Бундан ташқари Докунинг ҳам ҳолати сўроқ остида қолмоқда. Албатта, мезбонларда ҳам муаммолар етарли. Жота, Киезалар сафига тунов куни Конате ҳам қўшилди ва у янги йилгача шерикларига ёрдам бера олмайди. Шунингдек, тунов куни Мбаппега қарши ажойиб ўйин кўрсатган Брэдли ҳам кичик жароҳат олди. Алиссон Беккерни эса унутиб ҳам юборяпмиз, зеро Келлехер сўнгги пайтларда ажойиб ўйинлар кўрсатиб, Мамардашивилининг трансфери керакмиди, деган саволни юзага чиқармоқда.

Ўтган мавсумдаги ҳар иккала ўйин ҳам бир хил – 1:1 ҳисобида якунига етган. Айнан «Энфилд»да бўлиб ўтган ўйинларни эътиборга олсак, 4 ўйиндан бери меҳмонлар ғалаба қозонгани йўқ. Агар ушбу ўйинда «Ливерпул»нинг қўли баланд келса, ўртадаги фарқ 11 очкога етади ва бундай фарқни ҳозирги «Манчестер Сити» билан йўқотиш жуда қийин бўлади. Ғалаба «Ливерпул»нинг очколарини 34 тага етказиб, энг яқин таъқибчисидан 9 очко илгарилаб кетишига сабаб бўлади. Зеро кейинги ўйинда бораётган «Челси» ва «Арсенал»да 22 очко бор.

ФИОРЕНТИНА – ИНТЕР (1 декабр, 22:00)

Аввалги мавсумда деярли ҳар бир чемпионатда кашфиёт жамоалар ажойиб ўйинлар кўрсатиб, юқори ўринларда юришганди. Испанияда «Жирона», Германияда «Штутгарт”, Италияда «Болоня», Англияда «Астон Вилла» шулар жумласидандир. Бу сафар ундай сюрпризлар нисбатан камроқ. Фақат «Фиорентина»нинг ўйинлари ҳозирча эътирофга сазовор бўлиб турибди. А Серияда охирги 9 ўйиндан атиги бир марта дуранг ўйнаган флоренцияликлар чемпионатда 4-ўринга кўтарилиб олишди. Гап фақат ўринда эмас, айни дамда турнирнинг юқори қисми шу қадар зички, 5-поғонадаги «Лацио»ни пешқадам «Наполи» билан атиги 1 очко ажратиб турибди холос. «Интер»да ҳам худди «Фиорентина» ва «Лацио» сингари 28 очко бор. Демак, бу ўйиндаги ғалаба ҳар икки жамоани ҳам пешқадамга айлантириши мумкин.

«Фиорентина» муваффақиятининг асосий сабабчиларидан бири шубҳасиз, 40 ёшли мураббий Рафаэлло Паладдинодир. Ўтган мавсумларда «Монца»ни бошқарган мутахассис ёзда жамоага келиб, уни қисқа муддатда ўзгартириб юборди. Иккинчиси, албатта, Давид де Хеанинг келиши. Манчестердан кетганидан сўнг, бир йил ҳеч қаерда ўйнамаган дарвозабон бизга таниш бўлган энг яхши даражасини намойиш этмоқда. Жуда кўп ўйинларда айнан де Хеанинг қаҳрамонликлари «Фиорентина»га қимматли очколарни олиб келди. Де Хеа ҳозирда жуда кўп кўрсаткичлар бўйича Италия чемпионати дарвозабонлари ичида етакчи бўлиб турибди.

«Интер» — ўша биз билган «Интер», барқарорликнинг юқори даражасини намойиш этмоқда. Жамоанинг ҳатто Чемпионлар Лигаси умумий жадвалида ҳам 2-ўринда бораётгани кўп нарсадан дарак беради. Инзаги шогирдлари мавсум давомида фақат бир марта «Милан»дан мағлубиятга учрашди холос. Аллақачон «Интер»нинг ўз дарвозасидан тўп ўтказмаган ўйинлари сони 11 тага етиб улгурди.

Ушбу жамоалар ўртасидаги ўзаро ўйинлар ҳақида сўз борганда, икки йил олдинга учрашув кўпчиликнинг ёдига келса керак. Флоренцияда ўтган ўша ўйиннинг сўнгги дақиқасида мезбонлар ҳисобни 3:3га етказишган, аммо ҳакам томонидан қўшиб берилган сонияларда Мхитарян ғалаба голини урганди. Бир йил олдин «Фиорентина» Миланда ғалаба қозонган бўлса-да, айнан ўз майдонидаги учрашувларда «Интер»ни узоқ вақтдан бери ютолмаяпти. Флоренцияликлар охирги марта 2017 йилда ўз ўйида «Интер»ни енга олишган, қизиғи, ўша ўйин ҳисоби ҳам футболда камёб саналади – 5:4.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

30 ноябр. БАРСЕЛОНА – Лас Палмас (18:00), Унион – БАЙЕР (19:30), Кристал Пэлас - НЮКАСЛ (20:00), МИЛАН – Эмполи (22:00), Вест Ҳэм – АРСЕНАЛ (22:30), ПСЖ – Нант (1 декабрга ўтар кечаси, 01:00)

1 декабр. МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – Эвертон (18:30), ТОТТЕНҲЭМ – Фулҳэм (18:30), Торино – НАПОЛИ (19:00), РЕАЛ – Хетафе (20:15), Лечче – ЮВЕНТУС (2 декабрга ўтар кечаси, 00:45).

Қаҳрамон Асланов

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар