21.11.2024 18:51
4830
Таҳлил. Миллий жамоада «3-4-3»ни қандай ишлатяпмиз?

Қисқа муддатда бўлиб ўтган икки учрашув жуда қизғин мунозараларга сабаб бўлмоқда ва бу табиий. Бугунги вазиятни таҳлил қилишда исталган томондан кириш мумкин ва ҳар қандай хулоса учун асослар топиш қийинчилик туғдирмайди. Келинг, бу сафар Сречко Катанец сўнгги йилларда миллий жамоамизга олиб кирган 3-4-3 (ёки 5-2-3) схемаси хусусиятлари ва бу бизда қай даражада самарали бўлаётгани ҳақида фикр юритиб кўрамиз.

3-4-3 «ҳимоявий» схемами?

Аввало шуни таъкидлаш лозимки, схема шунчаки, футболчилар жойлашувини кўзда тутади холос, яъни мустақил равишда жамоанинг ҳимоявий, ҳужумкор, тўп назорати ёки қарши ҳужумга асосланган эканидан маълумот бермайди. Марказий ҳимоячилар сони биттага кўп экани бизни чалғитмаслиги керак, бу ерда жамоанинг тўп билан ва тўпсиз қандай ҳаракат қилиши, қанотдагиларнинг позицион ҳужумларга қай даражада жалб қилингани муҳим аҳамият касб этади. Замонавий футболда, масалан, Хаби Алонсонинг «Байер»и уч марказий ҳимоячи билан ўйнаса-да, ҳимоявий дейишга тил бормайди, зеро Грималдо ва Фримпонг айнан олдинги чизиқдаги ҳаракатлари билан танилган бўлиб, мавсум давомида оддий вингерлардан кўпроқ гол+пас очколарини йиғишини гувоҳи бўлганмиз. Айтмоқчиманки, 5-2-3 ҳимоявий, агар бу 4-3-3 га айланса, ҳужумкор деб хулоса чиқармаслик керак.

Бизнинг ҳолатимизда 3-4-3 кўпроқ 5-2-3 ни англатиши бошланғич жойлашувда эмас, қанотларда асосан ҳимоячилар тўп суриши ва айниқса, кучли жамоалар билан ўйинлардаги позицион ҳужумлар ташкил этишда фаол эмасликларидир. Айнан шу сабабли, кўпинча, олдинги чизиқда сон жиҳатдан камчиликка эга бўлмоқдамиз ва барчаси орқадаги ортиқча ҳимоячида деб тушуниб қолинмоқда. Қатар билан бўлгани каби, 4-3-3 га ўтганимизда фаолашишимиз ҳам шундан – энди ҳимоячилардан кимдир ортиқча фаол бўлиши шарт эмас, сон жиҳатдан бир футболчи қўшилди. Аслида эса, Катанец кўзда тутган схемада ҳам ўша устунликни таъминлаш мумкин.

Энди ҳақли савол туғилади – 5-2-3 да позицион ҳужумлардаги камчилик ушбу схеманинг хусусиятлари футболчиларда ишламаслиги туфайлими ёки Катанец бу схемада айнан эҳтиёткорликни назарда тутади холосми?

Машарипов ва Файзуллаев вингерми?

Аввалги мақолаларда гаплашгандик, уч марказий ҳимоячили схема турлича қўлланилиши мумкин. 3-4-3 вингерлар билан, 3-4-3 ҳужумкор яримҳимоячилар билан, 3-4-1-2 икки ҳужумчи ва ҳоказо. Тан олиш керак, Аббос ҳам, Жалолиддин ҳам қанотдан тезкор ҳужум қиладиган, айтайлик, Ўрунов, Ҳамдамов ёки Рашидов каби футболчилар эмас. Ҳар иккиси ҳам шериклари билан комбинация қилиши мумкин, кичик зоналарда тўпни сақлаш, тўхтаб турган ҳолда дриблинг қилиш, узоқдан зарба бериш, ўткир пас узатиш қобилиятига эга. Бундан ташқари, марказда Шукуров ва Ҳамробеков эканини инобатга олсак, бизга қанотлардан кўра, айнан марказга ўтиб ҳаракатланиш жуда муҳим ҳисобланади.

Бошланғич жойлашув юқоридаги расмдаги каби бўлиши Файзуллаев ва Машарипов танланганидан келиб чиққанда, энг самарали бўлиши мумкин деб ҳисоблайман. Таркибда бу схемада ҳам ҳужумкор бўла олиш учун барча имкониятлар етарли. Насруллаев ва Алижонов бутун қанот учун жавоб бериши, Машарипов ва Файзуллаев эса марказдагилар билан тўртлик хосил қилиши мумкин. Шерзоднинг тезкорлик билан майдон охиригача очила олиши, Алижоновнинг эса ҳар икки оёқда пас бера олиши ва керак бўлганда марказни тўлдира олиши турли маневрлар учун яхшигина йўл очади. Энг муҳими, ҳам тўп билан ҳам тўпсиз етарли даражада зич марказга эга бўламизки, пастроқда бунинг ҳам аҳамиятини кўриб чиқамиз.

Нега доим камчиликмиз?

Энди нега ўтган ўйинларда бу схема ишламагани ҳақида фикр юритамиз. Позицион ҳужумда, яъни футболчилар ўз бошланғич позицияда эканида одатда, қай шаклда биз ҳужумларни ташкил қилдик?

Жамоада кўзга ташланаётган жиҳат: Машарипов ва Файзуллаевнинг қанотларга ортиқча боғланиб қолаётганидир. Бу кўп бор айтилаётган Катанецнинг эҳтиёткорлиги натижасида Насруллаев ва Алижоновнинг тўпдан олдинга ўтмаётгани бўлиши мумкин. Табиий равишда олдинги чизикда қанотларни тўлдириш лозим бўлиб қолади ва бу яна ҳужумкор футболчиларимизнинг зиммасига тушади. Қачонки Машарипов тўпни қанотда эгаллагачгина Насруллаев олдинги ўтади – бу аслида 4 ҳимоячили схеманинг талабларидандир. Аслида Шерзод аввалроқ, тўп марказий ҳимоячилар ёки таянч зонасида ҳужум бошланаётганда деярли Шомуродов билан бир чизиққа ўтиб рақиб ҳимоясини чўзиши, Машарипов эса, марказга тушиб, ўзини таклиф қилиши лозим.

Юқоридаги расмлар айнан бошланғич позициялардан, яъни рақиб ҳали фаол прессингга киришмасдан аввал олинган. Ўйин давомида футболчилар турни нуқталарда ўзини таклиф қилиши, жой алмашинуви яхши, бу терма жамоамизда ҳам кузатилади, лекин бошланғич позициялар аҳамияти катта. Бу база. Айнан шу позициялар схеманинг барқарор ишлаши учун керак – футболчилар шу йўналишда кўникма хосил қиладилар, турли боғламлар хосил бўлади, ҳамда ҳаракатлар автоматизм даражасига кўтарилади. Ҳар доим шеригининг нима қилмоқчи экани, кимни ёпиш лозимлиги ҳақида саволлар футболчини безовта қилавермайди.

Қуйидаги расмда аксарият ҳужумларимиз нега тўхтатилаётгани ва нега марказдан хавфли қарши ҳужумлар ўтказиб юбораётганимиз сабабига тўхталдим:

Шартли равишда, Машарипов тўпни эгаллагач, Насруллаев қанотда уни қувватлайди, аммо марказда кўпинча вариант топиш мушкул. Натижада Шукуров ёки Ҳамробеков зонани тўлдиришга мажбур бўлади. Тўп йўқотилганда, ҳар икки қанотда 4 футболчи, Шукуров ва Шомуродовни қўшса, олти футболчи нофаолга айланган – марказимизда эса, катта бўшлиқлар юзага келяпти. Катанец буни ечиш мақсадида ё Насруллаевга камроқ олдинга чиқиш ёки таянч футболчиларимизнинг ўз ўрнида қолишларини талаб қилади. Бу эса яна ҳужумда бизни мутлақ камчиликка айлантириб қўяди. Голлар ёки вазиятлар эса автоматик ҳаракатлар эмас, айрим футболчиларнинг ностандарт қарорлари эвазига содир бўлаверади. Бунга таяниш хавфли – токи вазиятлар автоматик ҳаракатлар ёрдамида содир бўлмас экан, биз футболчиларнинг руҳиятига ва кайфиятига боғланиб қоламиз. Шунинг учун гол зарур бўлганда, риск қилиш талаби пайдо бўлганда жамоа анча фаол, бошқа пайтда эса аксинча, турли вариантлар бўлмаганидан энг содда ечимларни танлашни бошлайди. Ўйинимиздаги ўткирлик йўқолади.

Схема қандай ишлаши керак?

Уч марказий ҳимоячи билан ўйнаганда қанот футболчиларининг ҳаракатлари энг калит нуқта эканини юқорида ҳам айтдик. Албатта, доимий фаоллик кўпроқ куч талаб қилади, аммо бизда Насруллаевни Сайфиев алмаштириши мумкин. Ўнгда Турғунбоев ва Алижонов бор. Агар Ўзбекистон позицион ҳужумларда литераллардан фаол фойдаланганда, иккинчи таймдаги асосий алмаштиришлар айнан шу позицияларда рўй берган бўларди.

Бундай жойлашув орқали, ҳам Машарипов ва Файзуллаев ўзининг устун зоналарида ҳаракатланиши, марказ етарлича тўлдирилиши орқали тўп назорати осонлашиши мумкин. Энг муҳими, тўп йўқотилган пайтда ҳам, контрпрессинг учун биринчидан, кўпроқ футболчига эгамиз, иккинчидан, рақиб қарши ҳужумга ўтганда ҳам, марказда зичлик хосил қилганмиз. Тўғри, аввалгидан фарқли равишда қанотдагилар анча юқорида қолиб кетиши мумкин, аммо айнан марказдаги бўшлиқлар футболда энг хавфли ҳисобланади.

Энг яхши позиция

Яна бир кўп айтилган эътирозлардан бири Файзуллаевнинг ўз позициясида қўлланилмаётгани ва унинг Россия чемпионатидаги каби сермаҳсул бўла олмаётгани эди. Аббос охирги икки ўйинда 3 гол ургач, бу мавзу бироз чекинди, аммо тан олиш керак, гўёки кўп футболчилардан ўз ўрнида фойдалана олмаётганимиз, уларнинг устунликлари етарлича юзага чиқмаётгани кўзга ташланади.

Аслида гап фақат футболчининг бошланғич позицияси қаерда эканида эмас. Футболчи клубда ўзини кўрсатаётган севимли нуқтасига терма жамоасида ҳам қўйилиши, аммо у қадар самарали бўла олмаслиги мумкин. Бу ерда шерикларнинг ҳаракатлари, яна ўша автоматизм катта рол ўйнайди.

Жалолиддин Машарипов мисолида кўриб чиқамиз. У дриблинг қила олади, марказга ўтиб зарба бериши ёки ҳужумчига ўткир пас бериши мумкин. Бу хусусиятларимиз унинг бошқа футболчилардан фарқи йўқ, майдонда шунчаки, Машариповнинг номи югуриб юради холос. Унинг амалга ошираётган ишларини бошқа футболчи ҳам айнан шу даражада қила олади ва бу ҳолатда биз Жалолдан деярли фойдалана олмаётган бўламиз.

Юқоридаги расмда Ўзбекистоннинг аксарият ўйинларида кўзимизга ташланадиган вазият тасвирланган. Одатда Машарипов қанотда тўпни эгаллайди ва унинг қаршисида рақибнинг уч ҳимоячиси турибди. Футболчи минг зўр дриблингга эга бўлмасин, шерикларининг қўлловисиз буни амалга ошира олмайди. Чунки рақибни алдаб ўтиш учун унда турли вариантлар бўлиши ва ўша вариантлардан бири билан маневр қилиш орқали дриблинг содир бўлади. Биз кўрган жуда кўп вазиятларда Жалол тўпни орқароқда турган Насруллаевга ёки Шукуровга оширишга мажбур бўлади. Ёки жарима майдонидаги ягона ҳужумчимиз томон кросс амалга оширилади. Насруллаев қачонки, Машарипов тўп билан марказга юриб, бир неча футболчи қаршисида қолгандагина рейдини амалга оширади – бу ҳолатда ҳимоячилар ҳар икки футболчини назорат қила олади ва иккинчидан, Жалол энди кўп футболчилар қаршисида Шерзодга керакли пасни ижро қила олмаслиги мумкин.

Насруллаев анча олдинроқ ҳаракатланиб, ҳимоячилардан бирини ўзига тортиши лозим. Шунда Машарипов рақибнинг бир ҳимоячиси билан бирга бир қолади. Жалолга бир ҳимоячи қаршисида марказга юриб, зарба бериши ёки Шомуродовга пас бериши қийинчилик туғдирмайди. Ҳимоя чизиғининг горизонтал чўзилиши ҳисобига ҳам орасида бўшлиқлар катталашади, ҳам Шукуровда кенгроқ зонага очилиш ва комбинацияни давом эттириш имконияти пайдо бўлади.

Хулоса

Умуман футбол майдони улкан шахмат доскаси бўлиб, фигураларни суриш орқали тўпни очиқ ва хавфли худудларга етказилиши энг муҳим вазифа ҳисобланади. Ҳар қандай схема мана шу устунликни кўзда тутади ва агар майдонда жамоа етарлича позицион ҳужум қила олмаётган бўлса ёки ўйин назоратини рақибга топшираётган бўлса, схема ишламаяпти, демакдир.

Муаммога икки хил сабаб бўлиши мумкин. Биринчиси, футболчилар ушбу жойлашув остида пайдо бўладиган талаблар учун етарлича малакали бўлмаслиги. Бунга ишониш қийин, зеро Катанец айнан ушбу таркиб ва ижрочилардан келиб чиқиб икки йил олдин мана шу схемани танлаган. Агар рост бўлса ҳам, мураббий керакли тузатишларни амалга ошириши талаб этилади.

Иккинчиси, маълум босим ва вазифа остида мураббий ҳимоя ва натижани сақлаш мақсадида тизимнинг тўлиқ ишлашини истамаслигидир. Бу балким машғулотларда кўриниб, оз сонли йиғинларда етарлича автоматизм шаклланмагач, мураббий энг эҳтиёткор ўйинни танлаши мумкин. Лекин кўриб турганимиздек, бу ҳам етарлича хавфсиз бўлмаяпти.

Қаҳрамон Асланов

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар