ЖЧ-2026 саралаш босқич 6-тури доирасидаги КХДР – Ўзбекистон учрашуви олдидан матбуот анжуманида бош мураббий Сречко Катанец ва яримҳимоячи Жалолиддин Машарипов иштирок этди. Миллий жамоамиз етакчиси учрашув олдидан кичик муаммоларга эътибор бермаслик кераклигини айтди.
«Кейинги ўйинга тайёрмиз. Ҳа, машғулотларда майдон масаласида кичик муаммо бўлиб турди, аммо ҳозир бунга қарайдиган пайт деб ўйламайман. Бу ерга фақат уч очкони қўлга киритиш учун келдик. Ҳозир олдимиздаги вазифа – ғалаба.
Ўйлайманки, учрашувга тайёрмиз. Кучли жамоамиз ва мана шунақа ўйинларда кучли жамоалар синовдан ўтади. Кучли жамоамиз, буни биламиз ва бу масалада йигитлар билан гаплашдик. Биринчи ўйинни тезда эсдан чиқарган ҳолда бу ўйинга тезроқ эътиборни қаратишимиз керак. Нимага деганда, иккинчи ўйин ҳам ўшани ўйлаб ўтиб кетишни хоҳламаймиз.
Кучли жамоа ҳеч қачон кетма-кет иккита ўйинни ютқазмайди. Биз кучли миллий жамоамиз ва Худо хоҳласа эртага буни кўрсатиб, мухлисларни, ҳаммани 3 очко билан хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз», - дейди Жалолиддин Машарипов ўйин олди матбуот анжуманида.
Маълумот учун, Шимолий Корея – Ўзбекистон учрашуви 19 ноябр, сешанба куни соат 17:00да бошланади.