18.11.2024 18:27
5219
Теглар
«Андижон» ОЧЛ-2025 учун янги ўйинчилар билан музокарани бошлаган. Футболчилар ваъда қилинган мукофот пули тўлиқ берилишини кутмоқда

Ўзбекистон кубогининг амалдаги ғолиби «Андижон» клуби келаси мавсум Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этиши сабабли нуфузли турнирга тайёргарликни ҳозирдан бошлаб юборган.

Tribuna.uz манбасига кўра, клуб келаси мавсум учун режаларни ишлаб чиққан ва сўнгги бир ой ичида бир қатор футболчилар билан музокаралар ўтказилган. Жамоа бош мураббийи Александр Хомяков билан амалдаги келишув ҳали узайтирилмаган бўлса-да, клуб раҳбарияти музокара олиб борган «Нефтчи» устози Виталий Левченко ҳали аниқ тўхтамга келмагани сабабли россиялик мутахассис Андижондаги фаолиятини давом эттириши мумкин. Владимир Бубаня ва яна аксарият ўйинчилар Хомяковнинг клубда қолишини сўраган. Шунга қарамай, «Андижон» 10га яқин футболчилар билан хайрлашади.

Tribuna.uz’га маълум бўлишича, «Андижон» футболчиларига Ўзбекистон кубоги финалидаги ғалаба учун ваъда қилинган 200 миллион сўмдан мукофот пулининг чорак қисми ҳамон берилмаган. Клуб ўз тарихида илк бор Ўзбекистон кубоги соҳибига айлангач, жамоа бош ҳомийси «ЎзАвтоСаноат» ҳар бир футболчига ваъда қилинган 100 млн сўмдан пул мукофотини берган, Андижон вилояти ҳокимлиги эса ваъда қилинган 100 миллионнинг ҳозирча ярмини – 50 млндан футболчиларга тарқатган. Жамоа футболчилари маблағнинг қолган 50 млн сўмдан қисмини кутишмоқда. Аксарият ўйинчиларнинг амалдаги шартномаси ноябр ойи сўнггида якунланади.

Маълумот учун, «Андижон» Ўзбекистон кубогида зафар қучган бўлса-да, Суперлига турнир жадвалида ҳамон «хавфли зона»да (10-ўрин) қолмоқда. Клуб сўнгги икки турни «Динамо» ва «Навбаҳор»га қарши ўтказади.

Аввалроқ, клуб директори Элбек Саматов «Спорт» телеканалидаги чиқишида «Андижон» футболчиларига автомобил совға қилинмаган бўлса-да, ҳар бирига автомашина сотиб олиш учун етарли маблағ берилгани», ҳақида гапирган эди.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар