14.11.2024 17:17
2770
Теглар
Осиё кубогидаги аламли мағлубият учун реванш олинадими? Қатар – Ўзбекистон ўйини олдидан

Ўзбекистон миллий жамоаси ЖЧ-2026 ҳал қилувчи саралаш босқич 5-тури доирасида бугун, 14 ноябр куни Доҳада Қатарга қарши майдонга тушади. Сречко Катанец шогирдлари ушбу ўйиндаги ғалаба орқали жаҳон чемпионати сари катта қадам ташлаш имкониятига эга.

Жамоалар қандай вазиятда?

Ўзбекистон миллий жамоаси ЖЧ-2026 ҳал қилувчи саралаш босқич 5-туридан олдин «А» гуруҳида Эрон билан бир хил – 10 очкодан тўплаб, қўшҳокимлик ўрнатган. Вакилларимиз мағлубият нималиги билишмаяпти – 4 ўйинда 3 ғалаба ва Эрон билан дуранг қайд этилди. Осиё кубогининг амалдаги ғолиби Қатар эса ЖЧ-2026 саралашини муваффақиятсиз ўтказмоқда – 4 ўйинда 1 ғалаба ва 1 дуранг қайд этиб, 4 очко билан 4-ўринда бормоқда.

Бугунги баҳсдаги ғалаба Сречко Катанец шогирдлари учун ЖЧ-2026 сари катта қадамга айланади, Қатар 3 очкони қўлга киритган тақдирда дастлабки икки ўринга бериладиган тўғридан-тўғри йўлланма учун имкониятини сақлаб қолади. Шу боис, ўтган турда Эронга йирик ҳисобда мағлуб (1:4) бўлган қатарликлар бу баҳсга ҳаёт-мамот масаласидек ёндашиши мумкин.

Ўзбекистоннинг ўтган 4 турдаги натижаси:

1-тур. Ўзбекистон – КХДР – 1:0

2-тур. Қирғизистон – Ўзбекистон – 2:3

3-тур. Ўзбекистон – Эрон – 0:0

4-тур. Ўзбекистон – БАА – 1:0

Қатарнинг ўтган 4 турдаги натижаси:

1-тур. Қатар – БАА – 1:3

2-тур. КХДР – Қатар – 2:2

3-тур. Қатар – Қирғизистон – 3:1

4-тур. Эрон – Қатар – 4:1

Ўзаро ўйинлар: Устунлик Ўзбекистонда

Қатарга қарши бугунги учрашув миллий жамоамизнинг ушбу рақиб билан 16-ўйинига айланади. Вакилларимиз ўтган 15та ўйиндан 9тасида ғалаба қозонган. Бошқа бирор жамоа устидан бу қадар кўп ғалабага эришмаганмиз, Туркманистонни ҳисобга олмаганда – 10 ўйиндан 9 тасида устун келганмиз.

Ўтган 15 ўйинда миллий жамоамиз қатарликлар дарвозасига 25та тўп киритган. Бундан кўпроқ голни фақат Туркманистон (27) ва Хитой Тайпейига (30) урганмиз. Ўзаро баҳсларда Ўзбекистон 9 марта ғалаба қозонган бўлса, Қатар 4тасида ютган – сўнггиси Қатардаги Осиё кубогида мезбонлар чоракфиналда пеналтилар сериясида (1:1, 3:2) устун келган. 10 ой аввалги ушбу аламли мағлубият учун Катанец шогирдларида бугун реванш имконияти бор.

Таркиблар баҳоси: Ўзбекистон Қатардан қимматроқ

Transfermarkt порталига кўра, Ўзбекистон миллий жамоаси таркиби баҳоси бўйича Қатардан устун. Сречко Катанец қўл остидаги жамоанинг умумий баҳоси 37,05 миллион еврони ташкил этса, мезбонларнинг жами таркиби 20,18 миллион еврога баҳоланган.

Ҳар икки жамоанинг энг қимматбаҳо ўйинчисининг нархи 6 миллион еврони ташкил этади. Аббосбек Файзуллаев ҳам, Акром Афиф ҳам шундай нархланган.

Ўзбекистоннинг энг қимматбаҳо 3 футболчиси:

1. Аббосбек Файзуллаев (ЦСКА) – 6 млн евро

2. Элдор Шомуродов (Рома) – 5 млн евро

3. Абдуқодир Ҳусанов (Ланс) – 5 млн евро.

Қатарнинг энг қимматбаҳо 3 футболчиси:

1. Акром Афиф (Ас-Садд) – 6 млн евро

2. Али Алмуэз (Дуҳайл) – 3 млн евро

3. Эдмилсон Жуниор (Дуҳайл) – 2 млн евро

ЖЧ-2026 саралаши. А гуруҳи, 5-тур

14 ноябр (пайшанба)

Қатар – Ўзбекистон

Ўйин бошланиш вақти: 21:15

Стадион: Қатар, Доҳа, «Жассим бин Ҳамад»

ТВ-трансляция: Спорт

Шарҳловчилар: Хайрулла Ҳамидов, Даврон Файзиев.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар