Эроннинг «Истиқлол» клуби қишки трансфер ойнасида «Динамо» ҳужумчиси Жоэл Кожони ўз сафига қўшиб олиши кутилмоқда.
Эронлик журналист, «Истиқлол» клубига яқин манба саналадиган Ирфон Ҳусейнийнинг «твиттер»даги саҳифасида ёзишича, Кожо қишки трансфер ойнасида «Истиқлол»нинг биринчи трансферига айланади.
«Истиқлол» клуби Самарқанднинг «Динамо» жамоаси билан Жоэл Кожони 400 минг долларга сотиб олиш бўйича келишувга эришган», - дея ёзган эронлик журналист.
Аввалроқ, Tribuna.uz манбаси Теҳрон клуби қишки трансфер ойнасида Кожонинг трансферини амалга оширишни режалаштиргани ҳақида хабар берганди.
Эслатиб ўтамиз, «Истиқлол» Эрондаги ёзги трансфер ойнасининг сўнгги палласида Кожо трансфери бўйича «Динамо» билан алоқага чиқиб, музокара ўтказган бўлса-да, Самарқанд клуби асли ганалик форвардини 300 минг АҚШ долларга трансфер қилишни истамаган эди. Шунга қарамай, форс клуби Кожо билан алоқани сақлаб турибди ва қишда «Динамо»га навбатдаги таклифни юборишга тайёрлиги хабар қилинганди.
«Насаф» ҳам «Динамо» ҳужумчисига қизиқаётгани ҳақида хабар берилганди. Қарши клуби 2024 йилги мавсум якунида бир қатор футболчилари билан хайрлашиб, 2025 йилги Суперлига ва Элит Чемпионлар лигаси учун таркибини кучайтиришни режалаштирган.
Маълумот учун, «Динамо» раҳбарияти йил бошида Кожо билан амалдаги шартномани 2025 йилнинг декабр ойига қадар узайтирганди.