Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец ЖЧ-2026 саралаш босқичи доирасидаги Қатар – Ўзбекистон учрашуви олди матбуот анжуманида қатнаша олмаслиги маълум бўлгач, журналистлар саволларига унинг ёрдамчиси Владо Радманович ва яримҳимоячи Отабек Шукуров жавоб қайтарди.
- Матбуот анжуманида шифокорлар тавсиясига кўра, бош мураббийимиз Сречко Катанец қатнашмаяпти, унинг ўрнига ўзим саволларга жавоб бераман. Эртанги ўйин ҳақида гапирадиган бўлсам, ҳар бир ўйин қийин бўлади. Бу баҳс икки жамоа учун ҳам катта аҳамиятга эга. Учрашувга тайёрмиз.
Отабек Шукуров: Ассалом алайкум, эртанги ўйин олдидан жамоамизнинг кайфияти яхши, учрашувга тайёрмиз.
- Осиё кубогининг амалдаги чемпионига қарши баҳсга жамоангиз қанчалик тайёр?
- Жамоамиз эртанги баҳсга юз фоизга тайёр. Эртанги рақиб Қатарнинг саралашдаги 3-4та ўйинларини кўриб, таҳлил қилиб чиқдик. Уларга қарши етарлича тажрибага эгамиз. Яқинда ҳам Осиё кубогида учрашгандик. Бу сафарги баҳсда ҳам ютқазмаслик яхши натижа бўлади, деб ҳисоблаш мумкин.
- Ўзбекистон ҳар доим омад етишмай, саралашда қолиб кетарди. Ўзбекистоннинг аввалги саралашлардаги иштирокини инобатга олиб, жамоа ҳал қилувчи ўйинларга қай даража тайёр?
- Ўзбекистон миллий жамоаси билан уч йилдан бери биргамиз. Бу мамлакат чемпионатларини – нафақат Суперлига, қуйи лига, биринчи лигаларни, шунингдек легионерлар ўйинини ҳам кузатиб, назорат қилиб борамиз. Ҳозирга келиб биз шундай даражадамизки, Осиё жамоаларига қарши қандай ўйнашни биламиз.
- Қатар ҳозирда яхши ҳолатда эмас, Ўзбекистон эса яхши вазиятда. Бу ортиқча босимга сабаб бўлмайдими, яна бир жиҳати Қатарнинг ҳужум чизиғи кучли. Бунга қандай чора кўрмоқчисиз?
- Биз қийин гуруҳдан ўрин олганмиз. Ҳар бир баҳс жиддий. Эрон, Қатар, БАА жамоаларининг савияси тенг. Ҳар бир учрашув якунда катта таъсир қилишини инобатга олган ҳолда тўп сурамиз. Чунки битта зарба, битта дриблинг ёки битта кичик хато ўйин натижасига таъсир қилиши мумкин.
Отабек Шукуров: Эртанги ўйинда реванш олинадими? Осиё кубоги барибир бошқа турнир, у ердаги ўйин бошқа, эртанги баҳс эса бошқа мусобақа. Осиё кубогида пенатилар сериясида ютқазгандик. Бу лотерея эди. Эртанги ўйинда эса азалий орзумиз бўлган жаҳон чемпионатига чиқиш учун ҳаракат қиламиз, дейди миллий жамоа яримҳимоячиси.
Эслатиб ўтамиз, Қатар – Ўзбекистон ўйини 14 ноябр куни соат 21:15да бошланади.