«Манчестер Юнайтед»нинг янги бош мураббийи Рубен Аморим кеча, 11 ноябр куни клуб қароргоҳига етиб келди. У Траффорд машғулотлар марказига ташриф буюрди ва манкунианликлар раҳбарияти аъзолари — Омар Беррада, Ден Эшворт ва Жейсон Уилкокс билан учрашди.
Инсайдер Фабрицио Романо португалиялик мутахассиснинг клуб раҳбариятига айтган биринчи кўрсатмалари ва дастлабки режасини ошкор қилди.
«Биз жуда интенсив (шиддат билан) ўйнай оладиган футболчиларни олиб келишимиз керак», — деган 39 ёшли мураббий «Юнайтед» раҳбарияти билан бўлиб ўтган танишув музокараларида.
Шунингдек, Аморим дастлабки энг яқин режаси жамоани 3 марказий ҳимоячи схемасига ўтказиш эканлигини қўшимча қилган.
Эслатиб ўтамиз, Аморим «МЮ»га ўтган мавсумда Португалия чемпиони бўлган «Спортинг»дан келди.